Ўзбекистон терма жамоасига Россиядан икки хил муносабат бўлди!
Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубоги гуруҳ ўйинларини мағлубиятсиз якунлаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси плей-офф босқичига йўлланма олди.
Терма жамоамиз сафида Россия Премьер-лигасида тўп тепган ва ҳозир ҳам ўйнаётган футболчилар – Остон Ўрунов, Ҳожимат Эркинов, Рустам Ашурматов ва Аббосбек Файзуллаев борлиги учун рус оммавий ахборот воситалари ҳам Осиё кубогини ёритиб бормоқда.
Ана шундай манбалардан бири – metaratings.ru сайти журналистлари Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки асосида россиялик мутахассислардан агар Россия терма жамоаси Осиё футбол кенфедерациясига кўчиб ўтганида қитъа чемпионатидаги натижалар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сўради.
Гаджи Гаджиев, Махачқалъанинг “Динамо” клуби президенти:
– Биз Ўзбекистон билан деярли бир хил савиядамиз, деб ўйлайман. Ўзбекларда жуда кўп истеъдодли йигитлар ўсиб чиқди, улар қитъа миқёсидаги турнирларда муваффақиятли иштирок этмоқда, ҳатто ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ҳам ўзини кўрсатиб келаётганлари бор. Уларда жуда яхши футболчилар тарбияланяпти.
– Россия Премьер-лигасида Ўзбекистон терма жамоасидан фақат Аббосбек Файзуллаев мунтазам ўйнаяпти. Бизнинг чемпионат даражасига тўғри келадиганига биргина Файзуллаевми? Ёки бошқа иқтидорли футболчилар ҳали бизгача етиб келмадими?
– Бу табиий жараён. Ҳамма нарса бирданига бўлавермайди. Бошқа ўйинчилар ҳам келиши мумкин. Бизнинг алоқаларимиз яхши, ўзбек йигитлари тилни билади, бу жуда муҳим жиҳат. Чемпионатимизда ўйнаб кетган Остон Ўрунов ҳам жуда иқтидорли футболчи, бироқ бихнинг кўплаб ўйинчиларимиз каби ишга профессионал даражада ёндаша олмади.
Александр Шикунов, “Спартак” клуби собиқ спорт директори:
– Бу масалага тўғридан тўғри жавоб бериш қийин. Россия терма жамоаси Осиёда ўйнамаган ва ўйнамаса ҳам керак. Терма жамоамиз Ўзбекистондан ва Осиё кубогида қатнашаётган барча жамоалардан кучли экани аниқ. Шунинг учун ҳам миллий чемпионатимизда Ўзбекистондан фақатгина бир киши – Аббосбек Файзуллаев ўйнаяпти.
Уларга бизнинг чемпионатда ўйнаш ҳам қийин, йўқса, жуда кўп ўйинчилар келган бўларди. Ҳозир эса, ЦСКАда фақат Аббос ўйнаяпти ва бошқа ўзбеклар йўқ. Бу Ўзбекистон футболининг ҳозирги даражасини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоалари ва клублари сиёсий вазият туфайли ФИФА ва УЕФА мусобақаларидан четлатилган. Ана шу муносабат билан Россия футбол иттифоқининг Осиё футбол конфедерацияси таркибига қўшилиши халқаро майдонларга қайтиш вариантларидан бири сифатида кўтарилган эди.
Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўзаро бир маротаба куч синашган. Тошкентда ўтказилган учрашувда кучлар тенг келган, томонларга гол уриш насиб қилмаган.
Фикрлар