Ўзбекистонлик экспертлар томонидан "Канело"- Чарло жанги бўйича қизиқарли фикрлар...
30 сентябрьдан 1 октябрга ўтар кечаси АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида супер жанг кечаси ташкил этилади. Яъни, профессионал бокснинг том маънодаги юлдузлари Сауль Альварес ва Жермелл Чарло иккинчи ўрта вазн (76,2 кг) тоифасида мутлақ чемпионлик (WBC, IBF, WBO, WBA) учун рингга кўтарилишади. Ушбу қарама-қаршилик ҳақида ўзбекистонлик бокс олами вакилларининг фикрлари билан қизиққанмиз ва унинг 1-қисмини эътиборингизга ҳавола этгандик. Бу сафар 2-қисмини тақдим этамиз.
Азамат Муродов – журналист
- Чарло бир йўла иккита вазн кўтариб рингга чиқаётгани жуда катта таваккалчилик деган бўлардим. -69,85 кгдан, масалан -72 кг вазнга кўтарганда тушунса бўларди. У бир йўла -76,2 кг вазнда жанг қилмоқчи. Бу катта таваккалчилик. Чарло 76 кг вазн қилишга қийналмаслиги мумкин, лекин доимий равишда вазн ташлаб 76 кгга тушиб юрган боксчи жангдан бир кун олдин шу вазнни қайд этса бўлди. Жанггача камида 6-7 кг вазн тўплаб олади ва 80-85 кг атрофида бўлиб жанг қилади. Айнан шу вақтда Чарлога вазн яъни масса етишмаслиги мумкин. Тактикага келадиган бўлсак, “Канело” шундоқ ҳам жуда тажрибали ва бўйи ўзига нисбатан узунроқ боксчиларга қарши ҳам қандай жанг қилишни яхши билади. Шу маънода у Чарлога қарши жангда ортиқча қийинчиликка учрамаса керак. Аммо бу бокс, унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Муҳими яхши жанг кўрсак бўлди.
Мансур Муқимов – мураббий
- Яхши жангни кўрамиз. Чунки, Чарло ҳозирги кунда ўсиб келаётган ва имконияти юқори бўлган боксчи, десам янглишмаган бўламан. Унда бироз янги вазнга мослашиш борасида қийинчилик туғлиши мумкин. Альварес борасида кўп гапириш мумкин. У оддий боксчи эмас. Бироқ, энг зўр вақти ҳам деб бўлмайди. Шунинг учун Чарлодаги мотивация ва иштиёқ бу жангда ўз сўзини айтса керак. Менимча Чарло ютади.
Мужибулло Турсунов – боксчи
- Тўғриси, Сауль Альвареснинг услуби менга жуда ёқади ва ундан кўп нарсани ўрганишга ҳаракат қиламан. Жуда техникаси юқори бўлган ва ақлли боксчи деб биламан. Чарло ҳам ёмон эмас, у ҳам яхши натижлар қайд этиб келаяпти. Бироқ, барибир Альварес бошқа даража. Лекин боксда кўп нарса тайёргарликка боғлиқ бўлади. Агар, Альвареснинг тайёргарлик жараёнида муаммолар бўлмаган бўлса, осонлик билан бу жангни ўз фойдасига ҳал қилади.
Аълохон Абдуллаев – боксчи
- Бу жангни ҳамма қатори кутяпман. Зўр жанг бўлади. Иккаласи ҳам яхши, кучли зарбага эга ва техникаси юқори. “Канело” барибир хавфли, десам адашмаган бўламан. Чарло ўз вазн тоифасида жанг қилганда балки унда имконият бўларди. Лекин у “Канело”ни вазнида рингга кўтарилади. Бу вазнда “Канело”ни ютишнинг имконияти жуда паст. Менинг фикрим бу баҳсда “Канело” ютади.
Фикрлар