Ўзбекистонлик оғир атлетикачи 4 йилга дисквалификация қилинди
Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Нурбол Абдурашитовдан мусобақа даврида олинган допинг синамасида спортда тақиқланган “Дростанолон, Тренболон” моддалари борлиги аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Манбага кўра, Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.1 қоидаси (Тақиқланган модда, ёки унинг метаболитлари ва маркерлари спортчи анализида мавжудлиги)ни бузганлиги сабабли Бутунжаҳон антидпинг кодексининг 10.2.1 бандига асосан 4 йил муддатга дисквалификация қилинди.
"Дисквалификация жазо муддатини ўтаётган шахс (спортчи, мураббий в.х.к) дисквалификация муддати тугаганга қадар халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади. Агар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда ушбу шахсга умрбод дисквалификация муддати қўлланилиши мумкин. Шунингдек, кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган", - дейилади агентлик баёнотида.
Фикрлар