Ўзбекистонлик

“Насаф” яна ўзининг ёшлари билан барчани ҳайрон қолдиришда давом этмоқда. Турнир жадвалига қаранг, бу клуб “Пахтакор”дан сўнг иккинчи ўринда боряпти.

Қаршиликларнинг истеъдодли ҳужумчиси Бобур Абдуҳолиқов эса “Пахтакор”даги “ҳамкасби” Драган Черандан кейин тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринда.

Бобурни “Пеле” деб аташларини биласизми? Ўзбекистонлик “Пеле” ушбу мавсумда ажойиб ўйинларию, голлари билан олқишларга сазовор бўлиб келяпти. Тўпурар ҳужумчи ўзининг энг яхши мавсумларидан бирини ўтказяпти.

Қолаверса, унинг ўзига яраша мақсадлари ҳам бор. Sports.uz мухбири у билан бир қатор қизиқарли мавзулар бўйича суҳбатлашди. 

-  Сизга қизиқадиган мухлислар кўп ва улар Абдуҳолиқов футболга қай тариқа кириб келганига ҳам беэътибор эмас...

-  Болалигимда уйдагилар менга тўп совға қилганди. Тўпни ўйнайверганимдан футболга меҳрим тушиб қолган. Натижада маҳаллаларда ва мактабларда дўстларим билан футбол ўйнаб, бу спорт турига қизиқишим янада ортиб кетган. Мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчимиз футболга бўлган меҳримни кўрганидан сўнг, ота-онамга мени футбол-интернатига олиб боришларини айтган. Шу сабабли мени Қашқадарё футбол-интернатига олиб борганлар. У ерда бир йил таҳсил олганимдан кейин мени “Насаф” клуби академиясига қабул қилишган. Мураббийларим - Умар Раҳматуллаев ва Жасур Ибрагимов эди.

-  Тушунарли. Ўтган вақт давомида “Насаф”нинг етакчиларидан бири даражасига кўтарилдингиз. Бу мавсумда эса энг яхши ўйинларингизни кўрсатяпсиз. Клуб ҳам шунга яраша кўпчилик кутмаган натижани қайд этяпти...

-  Ҳар доим жамоамиз билан совринли ўринлар учун курашамиз. Мавсум олдидан кўпчилик ёш таркибимизни кўриб, бу мақсадимизга эришишимизга ишонмаслиги мумкин эди. Лекин чемпионат якунланишига тўрт тур қолганда ҳаттоки тўрт очко фарқи билан 2-ўринда кетяпмиз. Бир нарсани айтаман: чемпионат бошланишидан олдин жамоадошларимиз билан совринли ўринлар учун курашишга келишиб олгандик. Чунки бундай вазифани бажаришга ҳар томонлама кучимиз етишини билардик. Тўғри, балки мавсум олдидан “Насаф”нинг ушбу натижасини ҳеч ким кутмагандир. Бундай ўйинларимиздан кейин совринли ўринлардан бирини қўлга киритмасак, мухлисларимиз қаттиқ хафа бўлади.

бобур5

-  “Насаф” бу мавсумда бир бош баланд сакраяпти, деган фикрларга қўшиласизми?

-  Албатта, бу фикрга қўшиламан. Нега деганда, жамоамиз янада шаклланди. Шуларни ҳисобга олганда, “Насаф”ни бир бош баланд сакради, дея бемалол айта оламан.

-  Ҳозирга қадар 16 та гол урдингиз ва тўпурарлар баҳсида ҳам худди клубингизга ўхшаб иккинчи ўринда кетяпсиз. Олдинда Драган Черан 19 та гол билан пешқадамлик қиляпти. Қолган тўртта турдан кейин уни қувиб ўта оласизмикин?

-  Тўғри, тўпурарлар орасида иккинчи ўриндаман. Яна тўртта тур қолган бўлса, барча ўйинларда максимал даражада кўпроқ голлар киритишга ҳаракат қиламан. Албатта, ҳар доим тўпурар бўлиш менинг мақсадларимдан бири. Футболда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки бу йил тўпурарликни қўлга киритарман?!

-  Черан билан тўпурарлик учун баҳслашиш сизга қийинчилик туғдирмаяптими? Ёки аксинча, у сизда қўшимча иштиёқ уйғотяптими?

-  Назаримда, тўпурарлар пойгасида курашиш ҳар бир ҳужумчи учун мотивация. Мен шу пайтгача тўпурарликка ҳаракат қилиш учун ҳеч кимдан қўрқмаганман.

бобур

-  Сизни таниганлар ва билганлар “Пеле” деб чақиришади. Бу ном ўзингизга ёқадими?

-  Пеле – футбол қироли. Мени шу ном билан чақиришлари кўпроқ гол уриш учун мотивация беради.

-  Футбол оламидаги энг таниқли шахслардан бирининг номи билан сизни аташлари ўзингизга катта мажбурият юклаб қўймайдими?

-  Ёшликдан бирга катта бўлган ўртоқларим “Пеле” деб чақиришади. Йўқ, бу ном менга босим ўтказмайди. Чунки у футбол қироли эканини ҳамма билади. Юқорида айтганимдек, барибир бу менга кўпинча катта иштиёқ беради.

-  “Насаф”да иқтидорлар жуда кўп ва уларнинг бир нечтаси хорижга ёки ўзимизнинг етакчи клубларга кетди. Бобур Абдуҳолиқов қачон легионерга айланади, деган савол ҳам кўпчиликни қизиқтиряпти...

-  “Насаф” футбол академиямиздан кўплаб иқтидорли ёшлар етишиб чиқмоқда. У ердаги ишлаш тизимини тўғри йўлга қўйилгани ҳам ўз самарасини беряпти. Рўзиқул Бердиев эса яна бир бор ёшлар билан қандай ишлай олишини ҳаммага кўрсатиб қўйяпти. Айнан ушбу мураббийнинг ҳам менинг катта футболга кириб келишимда ҳиссаси беқиёс. Ўзимни кўрсатишимда ҳам кўпроқ имконият яратиб берган. Легионер бўлиб тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси бўлса керак. Худо хоҳласа, менга ҳам хориждан жиддий таклифлар бўлса кўриб чиқаман.

бобур6

-  Бу сизнинг “Насаф”даги охирги мавсумингиз бўлиб қоладими?

-  Ҳа, ростдан менинг “Насаф” жамоасидаги охирги йилим бўлиши мумкин.

-  Фараз қилайлик, сизга Ўзбекистоннинг энг кучли клуби – “Пахтакор”дан таклиф бўлса, у ерда тўп сурармидингиз?

-  Ўзбекистон чемпионатидан кўра, фаолиятимни легионер бўлиб давом эттиришни кўпроқ хоҳламоқдаман ва бу мен учун янада қизиқроқ.

-  Ўзингизга қолса, қайси чемпионатда иштирок этишни истайсиз? Умуман, аниқ такифлар бўлганми?

-  Менга таклифлар бўлган, лекин бу ҳақида мендан кўра, клуб раҳбарлари яхшироқ билишади. Ўзимга қолса, легионер сифатида ўша мақсади жиддий бўлган клубга борган бўлардим.

бобур3

-  Болалигингиздан ҳужумчи бўлиб келганмисиз? Бу позицияда кўпроқ қайси футболчилар сизни илҳомлантирган?

-  Ёшлигимдан ҳужум чизиғида ҳаракат қилиб келганман. Менга Дидье Дрогба, Фернандо Торрес, Серхио Агуэро, Харри Кейн, Роберт Левандовский сингари кучли ҳужумчиларнинг ўйинлари жуда ёқади.   

-  Аксарият мутахассислар ҳамда мухлислар “Насаф”нинг ўйинларини кўриб завқланишини таъкидлайди. Ўзингизга чемпионатимизда кўпроқ қайси жамоаларнинг ўйинларини кузатиш ёқади?

-  Аввало биз ўйнаётган футболга қисқача тўхталсам, Рўзиқул ака Бердиев ҳамма вақт замонавий ўйин кўрсатишимизни ёқтиради ва шунга ўргатади. Айниқса, тезкор, ҳужумкор ва жамоавий бўлиб ҳаракат қилишимизни хоҳлайди. Аммо ҳар доим бошқа жамоаларнинг ўйинларини кузатиб боришга имкон бўлмай қолади. Барибир кўплаб жамоаларимиз ажойиб ҳаракат қилади.

-  Сиз билан терма жамоа мавзусида гаплашмасак ҳам бўлмасди. Охирги пайтларда Вадим Абрамовнинг эътиборини яна қозоняпсиз ва натижада сизни ҳам бош жамоамиз йиғинларига чақирмоқда. Хўш, Бобур Абдуҳолиқов “Насаф”даги сермаҳсул ўйинларини миллий терма жамоамизда ҳам кўрсата оладими? У ерда сизни қандай қўллаб-қувватлашяпти?

-  Мени ҳам миллий терма жамоага таклиф қилишларини жуда хоҳлагандим. У ердаги барча футболчилар билан дўстона муносабатдаман. Менимча, жамоага киришиб кетишим қийин кечмайди. Албатта, миллий терма жамоада тўп сураётганингиздан кейин у ерда жиддий рақобат бўлади. Бу рақобат эса сизни фақат ўсишга ёрдам беради.

бобур7

-  Вадим Абрамов билан Рўзиқул Бердиев ўртасида қандай фарқ бор, деб ўйлайсиз?

-  Абрамов билан ҳали кўп ишлаганим йўқ. Шунинг учун ҳали бу мураббийнинг иш услуби ҳақида кўп нарсаларни билмайман. Бердиев тўғрисида юқорида тўхталдим, у кўпроқ замонавий футболни ёқтиради.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Javlon Abdullaev
07/11/2020 07:44
kamida rassiyaga ót
&
FANAT-MYU
07/11/2020 07:31
Senga maslahatim Ukam osiyo jamoalariga o‘tma nima bo‘lsa ham yevropaga ket osiyoda yo‘q bo‘lib ketasan yevropa kulblarining skautkari arab Hitoy yoki Koreya chempionatini kuzatishmaydi Belarusiya yoki Ukraina shu yoqqa ket

Минбар

Барча блоглар