Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчилари рейтинги. Ким қанчага баҳоланди?
Трансферларга ихтисослашган Transfermarkt портали маълумотлари асосида Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчилари эълон қилинди. Уларнинг аксарияти легионер сифатида хорижий мамлакатларда тўп сураётган ўйинчилардир.
Ҳожиакбар Алижонов (23 ёш) — трансфер нархи 900 000 евро. 2016 йилдан бери “Пахтакор” таркибида тўп сураётган футболчи ҳозирги кунда жамоанинг асосий ўйинчиларидан ҳисобланади. Шунингдек, у Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамдир.
Бобир Абдухолиқов (23 ёш) — Суперлигамизда “Насаф” жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш ҳужумчи қаршиликлар таркибида 100дан ортиқ ўйинда 37 та гол урган. Ўзбекистон терма жамоаси вакилининг трансфери 900 000 еврога баҳоланди. У янги мавсумни Украинанинг “Рух” жамоасида ўтказади.
Одил Ҳамробеков (25 ёш) —“Насаф” тарбияланувчиси ҳозирда “Пахтакор” етакчиларидан бири ҳисобланади. Унинг трансфер нархи бир миллион еврога етди.
Достон Ҳамдамов (24 ёш) — Россиядаги муваффақиятсиз фаолиятидан кейин “Пахтакор”га келиб, ўз истеъдодини қайта намойиш қилган “Бунёдкор” тарбияланувчисининг трансфери 1,2 миллион еврога тенг. Достон жорий мавсумдан “Ан-Наср” шарафини ҳимоя қилади.
Одил Аҳмедов (33 ёш) — Терма жамоамиз сардорининг ёши ўтиб бораётгани боис, унинг трансфер суммаси анча арзонлашди. Наманган футболи тарбияланувчиси айни пайтда 1,2 миллион еврога баҳоланмоқда. Ўзбекистон ва Хитой чемпиони бўлган Одил ҳозир “Тяньцзинь Тэда” клуби аъзоси ҳисобланади.
Остон Урунов (20 ёш) — Россия чемпионатида “Спартак” таркибини тарк этиб ижара асосида “Уфа”га қайтган ҳамюртимиз 1,5 миллион еврога баҳоланмоқда. Энди у қадрдон жамоаси таркибида яна ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади.
Игорь Сергеев (27 ёш) — “Пахтакор” таркибида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келган Игорь учинчи марта хориж чемпионатида ўз омадини синаб кўради. УЕФА аъзоси - Қозоғистоннинг “Актобе” клуби сафига қўшилган Сергеевнинг айни пайтдаги трансфер нархи 1,5 миллион еврога тенг.
Азиз Ғаниев (23 ёш) — “Насаф”нинг яна бир тарбияланувчиси анчадан бери хорижда муваффақиятли ўйнамоқда. “Шабаб Ал-Аҳли” аъзосининг трансфер суммаси 1,8 миллион евро экани қайд этилган. Азизнинг салоҳиятини инобатга олган ҳолда бу нарх яна кўтарилади.
Жалолиддин Машарипов (27 ёш) —“Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги креатив ўйинлари билан мухлису мутахассислар ишончини қозонган футболчи ниҳоят, хориж чемпионатида ўзини синаб кўради. Нархи 2 миллион еврога кўтарилган Машарипов “Ан-Наср” билан битим тузганига қарамай, ижара асосида “Шабаб Ал-Аҳли”да ўйнаб беради.
Отабек Шукуров (24 ёш) — Ёш бўлишига қарамай, Отабек тажрибали легионердан бирига айланган. Унинг трансфер нархи ҳам мунтазам кўтарилиб, 2,5 миллион еврога етди. “Бунёкдор”да порлаган ярим ҳимоячи ҳозир “Шаржа”да маҳорат кўрсатмоқда.
Элдор Шомуродов (25 ёш) —Кучли бешлик чемпионатларида гол урган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланган Элдор Шомуродовнинг Transfermarkt порталидаги нархи 6,5 миллион евро экани кўрсатилган. Бироқ, “Женоа” футболчи учун 9 миллион евро атрофида маблағ сарфлади ва қишки трансферлар даврида 15 миллион еврога сотмагани ҳақида маълумотлар бор. А Серияда муваффақиятли ўйнаётган футболимиз юлдузининг нархи ошишда давом этади.
Фикрлар
shempioni kim boʻladi. Javob. Chempionat Toshkent Niki albatta Toshkent dan boʻladi qolganlar futbol oʻynashadi