ЎзПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси 1-турдаги қоидабузарликлар юзасидан қарор чиқарди

Аввалроқ, Лига қошидаги Тартиб-интизом қўмитасининг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинганди.

Суперлига 2026-йилги мавсумининг 1-турида содир этилган қоидабузарликларни кўриб чиқиш мақсадида ўтказилган йиғилишда иккита иш кўриб чиқилди. Жумладан, 27 февраль санасида ўтказилган Андижон — Сўғдиёна учрашувининг 44-дақиқасида андижонликлар бош мураббийи — Самвел Бабаян майдон четида рақиб футболчисининг тўп билан ҳаракатланишига атайлаб халақит бергани аниқланди. Қўмита Тартиб-интизом кодексининг 61-моддасига асосан Андижон бош мураббийига нисбатан жарима интизомий жазо чорасини қўллади.  

Шунингдек, 1 март санасида бўлиб ўтган ОКМК — Бунёдкор учрашуви ҳакамидан билдирги келиб тушган бўлиб, Бунёдкор футболчиси — Дмитрий Плетнёв ҳакам қарорига норозилик билдиргани учун огоҳлантирилгани маълум қилинган. Қўмита Суперлига Регламентининг 15.37-бандига мувофиқ, Бунёдкор клубига огоҳлантириш интизомий жазо чорасини белгилади. Регламентнинг мазкур бандига мувофиқ, мавсумнинг қолган қисмида мазкур клуб футболчилари томонидан симуляция, учрашув вақтини чўзганлик ёки ҳакам қарорига эътироз туфайли сариқ карточка олинса, уларга нисбатан жарима интизомий жазо чораси қўлланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!