Паралимпия. Ҳайтмурод Шерқўзиев пара каноэ бўйича жаҳон чемпионатида совриндор бўлди!

Бундан бироз аввал, 2 нафар ҳамюртимиз Канаданинг Галифакс шаҳрида бўлиб ўтаётган пара каноэ бўйича жаҳон чемпионатининг финал баҳсларида иштирок этди.

Жумладан, эркаклар ўртасида VL3 классида баҳс олиб борган Ҳайтмурод Шерқўзиев 47,92 сония натижа билан маррага 3-бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, аёллар ўртасида KL3 классида стартга чиққан Шахноза Мирзаева 48,29 сония натижа билан 5-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, кеча аёллар ўртасида VL3 классида финалда иштирок этган Мухлиса Эшмирзаева 1:06:34 дақиқа натижа билан маррага 6-бўлиб етиб келган бўлса, эркаклар ўртасида KL3 классида яна бир ҳамюртимиз Ҳасан Қўлдошев 43,44 сония натижа билан 7-ўринни банд этган эди.

Шу тариқа ўзбекистонлик спортчилар пара каноэ бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ўз иштирокларини якунлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!