"Париж-2024". Медаллар жамғариш бўйича етакчиларнинг якуний рўйхати маълум. Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Бугун, 11 август куни "Париж-2024" Олимпиадасида сўнгги ўйин куни бўлиб ўтди. АҚШ терма жамоаси XXXIII Олимпиада ўйинларининг медаллар рўйхатида биринчиликни қўлга киритди. Америкаликлар ҳисобида 127 медаль (40 олтин, 44 кумуш, 43 бронза) бор. Хитойлик спортчилар эса 91 та (40 олтин, 27 кумуш, 24 бронза) билан медаллар жадвалида иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликни Япония якунлаб берди (45 медаль; 20 олтин, 12 кумуш, 13 бронза).
Ўзбекистон делегациясида ҳам натижа ёмон эмас. Cаккизта олтин, иккита кумуш ва учта бронза, умумий ҳисобда 13 та медаль қўлга киритилди. Бу кўрсаткич билан вакилларимиз умумий рўйхатнинг 13-поғонасидан жой олди.
Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар жамоаси бешта олтин медални қўлга киритди. Ўз вазн тоифаларида Олимпиада чемпионлари – Хасанбой Дўсматов, Абдумалик Халоков, Асадхўжа Муйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов ва Баҳодир Жалоловлар бўлишди. Дзюдочи вакиламиз Диёра Келдиёрова, таэквондочимиз Улуғбек Рашитов ва эркин курашчимиз Разамбек Жамаловлар ҳам турнирнинг энг олий медалларини делегациямиз ҳисобига ёздириб қўйди.
Ўз спорт тури бўйича турнирнинг финал баҳсигача етиб борган Светлана Осипова ва Акбар Жўраевлар кумуш медалларига эга чиқишди. Бронза медалларини эса Алишер Юсупов. Музаффарбек Тўрабоев ва Ғуломжон Абдуллаевлар юртимизга олиб келадиган бўлишди.
Шу тариқа "Париж-2024" Ўзбекистон делегацияси учун Олимпиадалар орасида тарихдаги энг яхшиси бўлди!
Фикрлар