"Пахтакор" - "Насаф" (2:1) ўйинидаги ҳакамлик борасида жонли эфирда мулоқот ташкил этилади
Кеча тур доирасидан ўрин олган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда "Пахтакор" ўз уйида "Насаф"ни қабул қилди.
"Пахтакор" марказий стадионида кечган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида рақибдан устун келишди. Даставвал 12-дақиқада Марат Бикмаев пенальтидан гол киритиб, ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим аввалида ҳужумга зўр берган қаршиликлар мувозанатни тиклашди. Бу вазиятда Владимир Козак "Пахтакор" жарима майдони ичида юзага келган пала-партишлик натижасида ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Баҳс сўнггида эса Егор Кримец гол киритиб "шерлар"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу вазиятда Егор офсайдда тургандек таассурот уйғотганини қайд этиш жоиз.
Бу борада мухлислар-у мутахассислар орасида баҳс ва мунозаралар кўпайиб кетди ва барча ўз муносабатини билдирди. Жумладан ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг "Telegram" мессенжеридаги канали орқали "Насаф" кеча мағлубиятга лойиқ бўлмаганлигини ва Ҳакамлар қўмитаси ушбу ўйинни алоҳида ўрганиб чиқиб, ўз хулосасини одилона тарзда эълон қилиши кераклиги борасида ўз фикрларини ёзиб қолдирган.
Ўзбекистон МТРК "Sport" телеканали директори Зоҳид Каримов эса ўзининг "Twitter"даги расмий аккаунти орқали мазкур баҳсли ўйин мутахассис ва мутасаддилар иштирокида қайта кўриб чилиши кераклигини таъкидлади.
"Пахтакор" - "Насаф" ўйинини душанба куни шарҳловчи, мутахассис ва ЎФА вакили билан жонли эфирда гаплашмасак бўлмайди. Саволлар кўпайиб кетди. Вақтини анонсда айтамиз", - деб ёзади Каримов.
Фикрлар