“Пахтакор”нинг мағлубиятидан сўнг “Навбаҳор”нинг чемпионлик учун имкониятлари ошдими? - Самвел Бабаяндан жавоб
Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган “Бухоро” – “Навбаҳор” (0:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббий Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди.
- Ассалому алайкум! Мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Ушбу ютуқ чемпионатда ҳам дадил одимлашимиз учун жуда муҳим эди. Йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар учрашувнинг бошидан сўнгги дақиқаларига қадар, майдонда ҳақиқий жанг олиб боришди ва ҳақли тарзда ғалаба қозондик.
Таркибимиздан яхши ижрочилар ҳамда стандарт вазиятлардан самарали тарзда фойдалана оладиган футболчилар жой олишган. Шунинг учун биз мазкур баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўриш асносида, стандартлардан фойдаланиш борасида ҳам ишладик ҳамда бу ушбу ўйинда ўз самарасини берди.
“Навбаҳор”нинг янги тарихида содир бўлаётган ушбу зафарлар ҳурматли Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқовнинг хизматлари, деб ҳисоблайман. Шавкат Шокиржанович нафақат жамоамиз учун, балки, ёшларни маҳоратли футболчи бўлиб етишишларига улкан ишларни амалга оширмоқда ва улар учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз. Уч очкони қўлга киритдик. Клуб раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, айни пайтда “Навбаҳор” сафида ўз олдига юксак мақсадлар қўйган футболчилар тўп тепишмоқда. Мухлисларга қувонч улашиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Биз учун оддий ўйинлар йўқ, ҳар бирига бор кучимизни сарф қиламиз.
Бугун “Бухоро” дарвозасига шедевр голлар урилди, аммо кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман, чунки бутун жамоа меҳнат қилди.
- “Навбаҳор” айни дамда учта фронтда ҳаракат қиляпти...
- Қайтараман, биз учун оддий беллашувлар йўқ, ҳар бирида бор кучимизни ишга соламиз. Барча учрашувларга бир хил тарзда тайёрланиб, рақибни ўрганамиз.
- “Пахтакор”нинг бугунги мағлубиятидан сўнг, “Навбаҳор”нинг чемпионлик учун имкониятлари ошди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Мен бошқа жамоаларнинг натижалари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бугун йигитларимизнинг ўйини ва ғалабасидан роҳат олмоқчиман.
- Мезбонларнинг ўйини борасида нима дея оласиз?
- “Бухоро” чақилмас ёнғоқ. Жамоада стандартларда яхши ўйнайдиганлар бор, бироқ биз рақибни яхши ўрганиб чиқдик ҳамда ғалабага эришдик. Кейинги ўйинларда бухороликларга омад ёр бўлишини тилайман.
Фикрлар