"Пахтакор"нинг "Навбаҳор"га қарши марказий ўйиндаги ғалабасига Ирисметов қандай муносабат билдирди?

Ҳамманинг эътиборида бўлган ва йил ўйини дея таъриф берилган “Навбаҳор” – “Пахтакор” иштирокидаги учрашувда меҳмонлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, жуда ҳам қимматли очколарни қўлга киритишди ва бу чемпионлик учун курашда “Пахтакор”нинг имкониятларини ошираётгани бор гап. Биринчи даврада ҳам “Шерлар” ўз майдонида ушбу рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этгани ёдимизда.

Бир неча йиллар давомида “Пахтакор” спорт директори сифатида ишлаган Жаъфар Ирисметов собиқ жамоасининг “Навбаҳор” устидан эришган ғалабаси борасида ўзининг муносабатини билдирди.

"Ўйин кутганимиздек шиддатли ўтди, -  дея гап бошлади, Ирисметов. - “Навбаҳор” ўз уйида ва минглаб мухлислари қаршисида ўйнаётгани ҳисобига бошида уларда фаолроқ ўйин кутгандим. Лекин “Пахтакор” ташаббусни ўз қўлига олиб, биринчи бўлимда ўйинни назорат қилди. Жамоа ҳақли равишда ғалаба қозонди, деб ўйлайман. “Пахтакор”нинг кутилмаганда “Нефтчи”га ютқазиб қўйгани ҳисобига ишқибозлари олдида ўзини оқлаши керак эди. Бу ғалабадан кейин “Пахтакор” мухлислари ёнида ўзини оқлай олди, деб ҳисоблайман.

пахта нав2

Тўғриси, “Навбаҳор”нинг ўйинига ўз мураббийи жавоб беради. Лекин мен ўз фикримни айтаман. Негадир “Навбаҳор”нинг ўйини суръати кўнгилдагидек эмас, деб ўйлайман. Аниқ бир режа йўқдек. Кўпинча маҳоратли футболчиларининг индивидуал ҳаракатлари эвазига ютишади. Масалан, “Навбаҳор”нинг “Пахтакор”ни нимани эвазига ютмоқчилиги ўз ўйинида кўринмади. Кимдир ютмоқчи бўлса, ўз ўйинини кўрсатади ва рақибнинг кучли томонларини ёпади. Йил бошидан бери наманганликларнинг ўйинини кузатиб келаман. 2-3 та учрашувда ўз ўйинини кўрсата олди. “Пахтакор”га қарши баҳсда ўз ўйинини кўрсата олмади ва шунинг учун ютолмади. Албатта, “Пахтакор” бундай ўйинларга ўрганган. Мухлисларнинг босими “Шерлар”га таъсир қилмайди. Яна Драган Черан ўзини кўрсатди. Унга қойил. Менимча, “Навбаҳор”да ғалаба учун ўйинида аниқ режа бўлмади. Олдинги чизиқда Табатадзе тўпни ўзида сақлашга ҳаракат қилди. Ҳақиқатда у яхши футболчи экан. Шунинг эвазига ҳам битта гол уришди.

Бу чемпионликка таъсир қиладиган ўйин, 6 очколик даражада эди. Бу ерда кўпроқ “Навбаҳор”га минус бўлди, деб ўйлайман. “Пахтакор”да захира ўйини бор эди. Ютқазиб қўйса ҳам имконияти ўша-ўшалигича қолаверарди. Агар “Пахтакор” “Насаф”га қарши омадли ўйнаса у ҳолда “Навбаҳор” “Шерлар”дан 7 очкога қолиб кетади. Чемпионликка курашаётган “Навбаҳор” бу ўйинда очко йўқотмаслиги керак эди.

пахта нав3

“Пахтакор”нинг “Динамо” ва “Нефтчи”га қарши учрашувларда муаммоларини кўрдик. Танқид қилмоқчи эмасман-у, бироқ уларда ҳам ўйин услуб унчалик кўринмаётганди. Ўша ютқазган иккита учрашувида кўриндики, “Пахтакор”нинг олдинги ўйини деярли йўқ эди. Фақат олдинга тепиб футбол ўйнашаётганди. Аммо Наманганда бошқача ўйин кўрсатишди ва тўпни назорат қилишди. Айниқса, биринчи бўлимда яхшироқ кўринди. Яна “Насаф” билан учрашувда ҳам кўрамиз. Асосий баҳо берадиган жойимиз жамоанинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки бўлади. “Пахтакор”нинг даражасини шунда кўрамиз.

Алоҳида ўйинчини ажратиб кўрсатиш қийин. “Пахтакор” жамоавий ўйин кўрсатиб ютди. Ўйлашимча, Одил Ҳамробековнинг хизмати катта бўлди. Майдонда кўринмайдиган қора ишни бажарди. Аммо ҳеч кимни хафа қилгим келмаяпти. “Пахтакор”ни жамоавий тарзда зўр ўйнади, деса бўлади. Шу боис “Пахтакор”да энг зўри жамоа бўлди", - дея фикрини якунлади, Ирисметов.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Норов Абдужалил
11/08/2023 06:11
Мени фикримча кеча Навбахор таркибида Даврон Хошимов уйнаганида Алижонов жарима майдончасига бундай кириб кета олмас эди.
11/08/2023 10:26
Даврон нариги қанотда бўларди(Даврон ўнг қанот химоячиси). Алижонов чап қанотни майдалади. Менимча Мирзохид Ғофуров ёки бўлмаса Акром Комилов керак эди.
Mavlonov Husan
11/08/2023 05:53
Пахтакор 3 рақам даги Алиқулов ҳақиқий термага номзод ўйинчи эканини бир нечта ўйинда кўрсатаяпти, техника ўз позитциясини тўғри бажараяпти қойил агар Европа кузатганда ўша ўйинчимизга қизиқиш билдирармиди