Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

Перес: «"Реал" – дунёдаги энг нуфузли клуб»

Muhammadqodir Ruzmatov
Изоҳлар: 0

«Реал» президенти Флорентино Перес клуб доим танқидий баҳоланиши, аммо унинг сўнгги йиллардаги катта ютуқлари камситилмаслигини таъкидлади.

«Реал» президенти Флорентино Перес мадридликлар клуби аъзоларининг умумий йиғилишида нутқ сўзлади.

«Биз спортда ҳеч ким доимий ғалабаларни кафолатлай олмаслигини ва ўз фаолиятимизга танқидий ёндашишимиз кераклигини яхши биламиз. Айниқса, натижалар кутилганидек бўлмаган ва кўнгилсизлик келтириб чиқарган ҳолларда.

Бироқ бу сўнгги йилларда эришган ютуқларимизнинг аҳамиятини камайтирмаслиги керак. Биз тарихимиздаги энг муваффақиятли даврлардан бирини бошдан кечирдик.

Сизларнинг ишончингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу ишончни фахр ва масъулият билан қабул қиламан. Мен учун бу клуб лойиҳамизга билдирилган қўллаб-қувватлашдир. Ўтган сайловлар ташкилотимиз кучини ва бизни ягона катта оилага бирлаштирган тамойилларни яна бир бор намоён этди.

«Реал» – дунёдаги энг нуфузли спорт ташкилоти. Биз мустақил клубмиз, унинг эгалари сизлар — клуб аъзолари бўлгансизлар ва ҳамиша шундай бўлиб қоласизлар. Бу бизнинг ўзгармас мажбуриятимиз.

Кўп ойлар давомида мутлақо ёлғон хабарлар тарқатилди, мадридликлар ўртасида бўлиниш юзага келгани ҳақида турли гаплар айтилди. Бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган, аммо сўнгги ойларда айрим оммавий ахборот воситалари барча чегаралардан чиқиб кетди.

Бу клубни назоратга олиш мақсадида ташкил этилган уюшган кампания эди. Бунга жавоб эса фақат битта бўлиши мумкин — «Реал» эгалари, яъни клуб аъзоларининг овоз бериш ҳуқуқини қайтариш. Мен президент бўлиб турган эканман, ҳеч кимнинг ўз манфаатларини клуб аъзолари манфаатларидан устун қўйишига йўл қўймайман. Клуб тақдирини фақат улар ҳал қилади, бошқа ҳеч ким эмас», — деди Перес.

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ