"Персеполис", "Шахтёр", "Антальсяпор"даги легионерлари билан Тошкентга келган хорватиялик "Эйнштейн" ва унинг жамоаси ҳақида
Тез орада "CAFA Nations Cup 2023" халқаро мусобақаси бошланади. Хабарингиз бўлса керак, унда 7 та терма жамоа қатнашади ва икки гуруҳга бўлинади. Демак, “А” гуруҳида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Уммон термалари бор. “В” гуруҳида Қирғизистон, Эрон ҳамда Афғонистон жой олган.
Ён қўшнимиз – Тожикистон ҳам Марказий Осиё футбол ассоциациясининг Миллатлар Кубогига жиддий тайёргарлик кўряпти. 29 май куни Душанбеда тўпланган терма жамоа аъзолари 31 май куни Тошкентга етиб келдилар ва “Бунёдкор” академияси майдонида шуғулланишяпти.
Бош мураббий хорватиялик Петр Сегрт таркибга 26 нафар ўйинчини жалб қилган.
Дарвозабонлар: Рустам Ятимов, Мухриддин Ҳасанов (иккаласи – “Истиқлол”), Шохруҳ Киргизбоев (“Хўжанд”)
Ҳимоячилар: Вахдат Ханонов (“Персеполис”, Эрон), Ахтам Назаров (“Андижон”, Ўзбекистон), Зоир Жўрабоев (“Нефтчи”, Ўзбекистон), Манучехр Сафаров (“Локомотив”, Ўзбекистон), Мехрубон Каримов (“Самгурали”, Грузия), Сиёвуш Асроров, Табрез Исломов, Далер Имомназаров, Содиқжон Қурбонов (барчаси – “Истиқлол”), Холмурод Назаров (“Равшан”)
Ярим ҳимоячилар: Парвизжон Умарбоев (ЦСКА-1948, Болгария), Амирбек Жўрабоев (“Кедах”, Малайзия), Муҳаммажон Раҳимов (“Насаф”, Ўзбекистон), Комрон Турсунов (ТРАУ, Ҳиндистон), Хусрав Тоиров (“Шахтёр”, Украина), Муродали Акназаров (“Антальяспор”, Туркия), Алишер Жалилов, Эхсони Паншанбе, Алижони Айни (барчаси – “Истиклол”)
Ҳужумчилар: Манучехр Жалилов, Шервони Мабатшоев (иккаласи – “Истиқлол”), Нуриддин Хамроқулов (“Регар-ТадАЗ”), Муҳаммадали Азизбоев (“Хосилот”).
Кўриб турганингиздек, хорватиялик "Эйнштейн" номи билан танилган бош мураббий жанговар таркибни жамлай олган. Уларнинг орасида Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган легионерлар ҳам бор. Жумладан, Ахтам Назаров (“Андижон”), Зоир Жўрабоев (“Нефтчи”), Муҳаммаджон Раҳимов (“Насаф”) ва Манучехр Сафаров (“Локомотив”) Тожикистон терма жамоаси таркибидан ўрин эгаллашган.
Қолаверса, бошқа мамлакат чемпионатларида тўп сураётган легионерларни ҳам Тошкентдаги турнирга олиб келишган. Бу эса уларнинг мусобақага мақсади жиддий эканини кўрсатади. Боз устига тожикистонликлар илк бор Осиё Кубоги финал мусобақасига йўлланмани қўлга киритганини ҳам унутмаслик керак. "CAFA" бўлажак қитъа чемпионатига тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди. Тожикистон 11 июнь куни Туркманистон, 14-санада Уммон ва 17 июнда Ўзбекистон терма жамоамизга қарши майдонга тушади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар