Порро "Барса" қизиқишига муносабат билдирди
Бунақа таклиф доим ҳам бўлавермайди
«Тоттенхэм» таркибида ҳаракат қилаётган ҳимоячи Педро Порро «Барселона» клуби унга қизиқиш билдиргани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. 27 ёшли испаниялик футболчининг Лондон жамоаси билан амалдаги шартномаси 2031 йилгача мўлжалланган.
SPORT нашрига берган интервьюсида Порро катта клублар диққат марказида бўлишини ўзини баҳолаш сифатида қабул қилишини таъкидлади.
«Албатта, бу мен учун комплимент. Дунёдаги энг кучли жамоалардан бири – ёки камида шундай дейишадиган клуб сенга қизиқса, бу доимо ёқимли. Демак, ўз ишимни яхши бажаряпман. Шу тарзда давом этишим керак», – деди у.
Порро шунингдек «Барселона» президенти Жоан Лапорта унинг ўйини ҳақида айтган мақтовли фикрларига ҳам тўхталиб ўтди.
«Бу гапларни ўқимаганман. Лекин бу ҳам унинг томонидан катта эътибор, деб биламан. Бошқа клуб президенти сенинг меҳнатингни қадрласа, бу жуда ёқимли. Демак, ҳаммасини тўғри қиляпман», – дея қўшимча қилди ҳимоячи.
Шу билан бирга, испаниялик футболчи ўзини «Тоттенхэм»да бахтли ҳис қилаётганини ва клуб билан тузилган шартнома мажбуриятларига ҳурмат билан ёндашишини алоҳида урғу билан таъкидлади.
Изоҳлар (0)