Президент Шавкат Мирзиёев: Пенальтини уролмаганидан кейин 3 кун ухлолмай чиқдим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё кубоги финалидаги иштироки ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритгани ҳақида фикр билдириб ўтди. 

“Биласизларми, пенальтини уролмаганидан кейин 3 кун ухлолмай чиқдим. Унинг ўрнига ўзим бўлсам, дейман-да. Нимага бундай бўлиши керак экан-а, биттагина тўп-а? Шундай маҳорат кўрсатди, уларнинг кўпи билан гаплашдим. Уларга телеграмма юбордим. 

Энди биз ҳам дарров чемпион бўламиз деймиз-да. Биринчи маротаба жамоавий турда Олимпиадага йўлланмани қўлга киритдик. Бу ҳам катта ютуғимиз.

Футбол ҳам осон иш эмас. Биласизларми, ҳозирда 5-6 та нафар болаларимиз дунёга машҳур жамоаларда тўп сурмоқда. Бундан эса фахрланаман”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиадада "C" гуруҳида баҳс олиб боради. Ушбу гуруҳда терма жамоамиздан ташқари Испания, Миср ва Доминикан Республикаси терма жамоалари жой олган. Терма жамоамиз мусобақадаги илк учрашувини 24 июль куни Испанияга қарши ўтказади. Учрашув Париждаги машҳур "Парк де Пренс" стадионида бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!