Президент шахматчиларга табрик йўллади!

Хабар берганимиздек, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этган эркаклар терма жамоамиз Ҳиндистон ва АҚШдан сўнг 3-ўринни қўлга киритиб, бронза медалига сазовор бўлди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дунёда ўз ўрнига эга эканлигини яна бир бор исботлаган шахматчиларимизга табрик йўллади.

"Қадрли фарзандларим!

Аввало, сиз, азизларни Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида муносиб иштирок этиб, қарийб 200 та давлат вакиллари орасида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, ўзбек шахмати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир.

Сизларнинг тимсолингизда Янги Ўзбекистон ёшлари мана шундай ақл ва тафаккур беллашувларида қандай баланд марраларни эгаллашга қодир эканини кўриб, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлмоқда.

Ушбу мусобақада юксак интеллектуал салоҳиятини намойиш этган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов каби ўғлонларимиз эришган натижалар биз учун жуда қадрлидир.

Айниқса, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин медални, Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритиб, нақадар катта маҳорат эгаси эканларини яна бир бор исботлаганларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мард ва жасур ўғлонларимиз қаторида Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова сингари азму шижоатли шахматчи қизларимиз ҳам мусобақаларда муносиб иштирок этиб, бор куч-ғайрати ва маҳорати билан Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Улар ўтган олимпиадада кўрсатган натижаларини яхшилаб, 170 мамлакат ўртасида 12-ўринни эгаллаганлари албатта эътиборга моликдир. Матонатли қизимиз Нодира Нодиржонова тахталар кесимида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирлангани айниқса қувончлидир. Уларнинг барчасини самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда совринли ўринларни забт этишларини тилайман.

Албатта, Ўзбекистон шахмат усталари қўлга киритган улкан ютуқ Янги Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, спорт ва унинг энг интеллектуал тури бўлган шахматни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ислоҳотларимизнинг амалий натижаси, десак, тўғри бўлади.

Ҳеч шубҳасиз, бундай муваффақиятлар халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азиз фарзандларимга, эришган ютуқларингизга катта ҳисса қўшган тажрибали устоз ва мураббийларингиз, бутун жамоангиз аъзоларига, сизларни қўллаб-қувватлаб турган ота-оналарингиз ва барча мухлисларингизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чин дилдан самимий миннатдорлик билдираман.

Сизларга жонажон Ўзбекистонимиз 2026 йилда илк бор мезбонлик қиладиган навбатдаги жаҳон шахмат олимпиадасида ҳам энг юксак чўққиларни забт этиш насиб этсин!

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва саодат, келгусидаги ўқиш ва ишларингизда катта муваффақиятлар тилайман. Зафарли юришларингиз доимо бардавом бўлсин, азиз фарзандларим!", - дейилади Президент табригида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!