Про лига шунчаки "даҳшат"!

Суперлигада 21-тур якунланиши биланоқ, эртасидан про лигага уланиб кетади. У ерда ҳам интрига ҳозир ўзининг энг юқори нотасига чиққан. 10 ва 11 октябрь кунларига иккита ўйин белгиланган. Про лига пешқадами “Андижон” ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилса, эртаси куни “Машъал” “Хоразм” билан куч синашади.

Турнир жадвалида “Андижон” 44 очко билан 1-ўринда. 2-ўриндаги “Турон”да 39, 3-поғонада бораётган “Бухоро” ҳисобида 37 очко бор. “Хоразм” ҳамда “Машъал”да бўлса 31 ва 29 очко мавжуд. Ўзингиз ҳам вазият қандайлигини хулоса қилиб олаётгандирсиз. Масалан, тўғридан-тўғри Суперлигага йўл олиш имкониятини йўқотган “Машъал”га тўхталадиган бўлсак, охирги марта 14-тур доирасида 6 август куни ўз уйида “Арал Самали”ни 7:0 ҳисобида тор-мор келтирган. Ушбу ғалаба ҳозирча муборакликлар учун сўнггиси бўлиб қолмоқда. Ўша ғалабадан сўнг, “Машъал” 6 та ўйин ўтказди. Шундан 2 тасида дуранг ўйнади ва 4 тасида ютқазди. Табиийки, бундай салбий натижалардан кейин Дилявер Ваниев жамоаси Суперлигадан умид қилмаса ҳам бўлаверади-да! Элитага қайтиш истагидаги клуб асло ғалабасиз сериясини давом эттирмаслиги лозим. Ўтган турда “Бухоро”га ҳеч бир қаршиликсиз жавобсиз 3 та гол ўтказган “Машъал” батамом Суперлига эшикларини ўзи учун ёпиб қўйди. Лекин охирги тургача мухлислар учун бўлса ҳам курашиб қўйса керак.

машъал3_1

“Машъал”дан кўра “Хоразм”нинг интригага қўшилгани анча қизиқарли кўриняпти. Урганчликлар охирги 4 та ўйиндан бери рақибларини фақат мағлубиятга учратиб келмоқда. Янада аҳамиятлиси шундаки, сўнгги иккита учрашувни “Турон”га қарши ўтказган бўлиб, уйда ҳам, сафарда ҳам “Хоразм”нинг қўли баланд келди. Кучли бешталикка киргани ҳам бежиз эмас. Руслан Аҳмедов жамоаси плей-офф учун курашаётгани эътиборга молик. “Хоразм”нинг рақибларга жиддий курашни таклиф қилаётгани учун интрига янада қизияпти.

хоразм_2

Ўтган йили “Динамо”ни Суперлигага олиб чиққан тожикистонлик Ҳаким Фузайлов бу ишни энди “Бухоро” билан амалга ошириш ҳаракатида. Ёзги селекциядан кейин бу клуб тубдан ўзгарди. Таркиб тозаланди, янги кучлар қўшилди. Унгача “димланиб” қолган “Бухоро” эндиликда энг хавфли рақибга айланди. Эшитишимизга қараганда, бош мураббий Ҳаким Фузайлов ёзги селекциядан сўнг, раҳбариятга клубни Суперлигага қайтаришга ваъда берган. “Турон”дан очколар бўйича анча ортда қолаётган жамоа бугунги кунга келиб, ўша очколар фарқини қисқартиришга эришди ва энди 2 очколик тафовут бор холос. Кўриб турибсизки, Фузайлов жамоаси тезликни оширди. Кўпчилик мутахассислар томонидан бухороликларнинг ўйини алоҳида эътироф этиляпти. Бу турда эса “Бухоро” “Андижон” майдонида ўйнайди. Энди ортиқча анонсга ҳожат йўқ.

бухоро1_2

Мавсумни яхши бошлаган “Турон” анча вақт 1-ўринни ҳеч кимга бермади. Энди вазият ўзгарди. “Андижон” улоқни “Турон”дан илиб кетди. Анвар Бердиев жамоаси охирги 3 та турдан бери ютолмаяпти. Икки марта “Хоразм”га ютқазди. “Бухоро” билан Яйпанда 2:2 ўйнади. Агар воқеалар ривожи шу зайл давом этадиган бўлса, “Турон” ҳатто 2-ўриндан ҳам айрилиб қолиши ҳеч гап эмас. Чемпионат бошидан бери асосан рақобатчиси сифатида “Андижон” билан жиддий курашиб келган “Турон” тақдир тақозоси билан энди айнан андижонликларга мухлислик қилишига тўғри келади. Боиси, 10 октябрь куни “Андижон” “Бухоро”ни қабул қилади ва агар бу учрашувда меҳмонлар ютиб кетса борми, “Турон” ўз-ўзидан 3-ўринга тушиб кетади. Шу сабабли бу турда дам оладиган яйпанликларга “Андижон”нинг ғалаба қозонгани ҳар томонлама қулай. Шунда “Турон” учун “Бухоро” билан ўртадаги икки очколик фарқ сақланиб қолади ва ўз жойида тураверади.   

турон1_3

“Бухоро” ва “Турон”дан фарқли ўлароқ “Андижон” жамоаси учун барчаси ўз қўлида. 44 очкоси бор, 2-поғонадаги рақибидан 5 очкога илгарилаб кетган. Ҳисоб-китобларга қарасак, “Бургутлар” октябрь ойининг ўзидаёқ муддатидан илгари Суперлига йўлланмасини расмийлаштириб қўйиши мумкин. Бу ойдаги рақиблари кимлар? “Бухоро”, “Хоразм”, “Турон” ва “Машъал”. Виктор Кумиков жамоасига уйда ёки сафарда ўйнашнинг қизиғи қолмаган. Улар қаерда бўлмасин рақибларини “таъзирини” бериб келмоқда.

андижон янги_4

“Бухоро”га қарши бўладиган беллашув мезбонлар учун ҳам жуда жиддий. Буни андижонликлар яхши ҳис қилиб турибди. Фақат бу ўйин мухлисларсиз ўтади. “Андижон” ўз майдонидаги битта ўйин учун дисквалификация қилинган бўлиб, бу “Бухоро” билан учрашувга тўғри келди. Аммо барибир майдон эгаларида устунлик бўлади. “Андижон”нинг “Бухоро”даги драматик ўйиндаги ғалабасини ҳали ҳеч ким унутгани йўқ. Про лига клублари орасида Суперлига дарвозасига энг яқин келиб қолгани ҳам айнан андижонликлар. Жамоа 5 очколик тафовутни сақлаб қоладиган бўлса ҳам уларни элита билан табрикласак бўлаверади. Лекин ҳали мавсум давом этяпти. Про лига пешқадами эса кучли эканлигини “Бухоро”га қарши баҳсда яна бир карра кўрсатиб қўйишига тўғри келади. Рости, бу жуфтликни барча футбол шинавандалари ва кенг жамоатчилик ҳам ўтказиб юбормаса керак. Про лигада даҳшатли интриганинг пайдо бўлгани футболимиз учун фақат плюс.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
салахидин
08/10/2022 15:22
Биз хам Бухорони кутяпмиз
араббаевич давлат
08/10/2022 10:57
Андижон ва Туронни Суперлигада кутаяпмиз.