ПСЖ футболчи учун пул тўлади, аммо трансфердан қуруқ қолиши мумкин
Франциянинг етакчи клубларидан бири ПСЖ Португалиянинг «Брага» жамоаси билан ёш ярим ҳимоячи Марио Доржелеснинг келажакдаги трансфери бўйича устувор ҳуқуқни қўлга киритди. Бу ҳақда Foot Mercato нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, парижликлар «Брага»га 3,3 миллион евро тўлаган. Мазкур маблағ футболчини сотиб олиш эмас, балки унинг эҳтимолий трансферида ПСЖга биринчи навбатда таклиф киритиш имконини берадиган «устувор танлаш ҳуқуқи» сифатида расмийлаштирилган.
Клубнинг молиявий ҳисоботи эълон қилингач, ушбу келишув тафсилотлари ошкор бўлди. Шу билан бирга, бу тўлов Доржелес албатта ПСЖга ўтади, дегани эмас. Фақатгина агар «Брага» футболчини сотишга қарор қилса, парижликлар бошқа даъвогарлардан олдин музокара бошлаш имкониятига эга бўлади.
Марио Доржелес Португалияга 2025 йил ёзида Даниянинг «Норшелланн» клубидан келиб қўшилган. У «Брага» сафидаги илк мавсумида барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда 39 та ўйин ўтказди, 7 та гол урди ва 4 та голли пас берди.
Аввалроқ ёш ярим ҳимоячига Англиянинг бир қатор клублари — «Арсенал», «Челси», «Ньюкасл» ва «Брайтон» томонидан қизиқиш билдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Фикрлар