ПСЖ ва "Реал" билан тўқнашув олдидан "Барса"да иккита катта йўқотиш

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

«Барселона» таркибида тўп сураётган ҳимоячилар Эрик Гарсия ва Жюль Кунде жароҳат олди. Бу ҳақда испан клубининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.

Каталония жамоаси шанба куни Ла Лига доирасида сафарда «Бетис» устидан 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ушбу учрашувда Жюль Кунде майдонда тўлиқ 90 дақиқа ўйнади, Эрик Гарсия эса таймлар орасида захирадан майдонга тушиб, бир гол муаллифига айланди.

Клуб хабарига кўра, биринчи жамоа ҳимоячиси Эрик Гарсия ўнг соннинг тўғри мушагидан жароҳат олган. Дастлабки ташхисга биноан, унинг сафга қайтиши учун тахминан уч-тўрт ҳафта вақт керак бўлади.

Яна бир ҳимоячи Жюль Кундеда эса чап тўпиқ боғламларининг чўзилиши аниқланган. У ПСЖга қарши бўладиган навбатдаги ўйинни ўтказиб юбориши маълум қилинган.

«Кунденинг жароҳатдан тикланиш жараёни қандай кечишига қараб, унинг якшанба куни «Реал»га қарши ўтадиган «Эль-Класико»да майдонга тушиш-тушмаслиги ҳал бўлади», — дейилади каталонияликлар баёнотида.

«Барселона» 20 октябрь куни Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби, Франция чемпиони «Пари Сен-Жермен» меҳмони бўлади.

 25 октябрда эса Ханс-Дитер Флик шогирдлари Испания чемпионати доирасида ўз майдонида «Реал»ни қабул қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!