Пулишич учун Премьер Лиганинг қайси клуби мос тушади?
Ads

«Боруссия Дортмунд»нинг ёш иқтидор вакили Кристиан Пулишич ўзининг энг юқори спорт формасига ҳали чиқмаган бўлсада унга кўплаб грандлардан жиддий таклифлар келиб тушмоқда. Айниқса улар орасида инглиз клубларининг кўплиги тез орада америкалик футболчи «туманли Альбион»да пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Аммо қайси инглиз клуби унинг ўйинига мос тушади? Қуйида шуни таҳлил қиламиз.

20 ёшли футболчи ҳозиргача бир неча маротаба Англияга кўчиб ўтиши борасидаги миш-мишлар тарқалган эди. Унинг айтган сўнгги гаплари эса бу борган сари жиддийлашиб борганини билдирмоқда.

«Англия, Премьер Лига – кўплаб ёш футболчилар ўйнашни орзу қиладиган чемпионат, мен ҳам бир кун келиб у ерда ўйнамаслигимга ҳеч қандай сабаб йўқ» – деди Пулишич Guardian нашрига берган интервьюсида. «Кўриб турганингиздек клуб билан ажойиб мавсумни ўтказяпман ва ҳар бир лаҳзадан завқ оляпман. Келажагим ҳақида музокара ўтказиш пайти келганида, булар содир бўлиши мумкин» – дея қўшимча қилди.

Бироқ Премьер Лиганинг қайси гранди америкалик футболчига мос?

Пулишич порлаши шарт

Немис клубида Пулишич кўпроқ ўнг қанот вингери сифатида 4-3-3 ёки 4-2-3-1 ўйин схемасида ўз вақтини ўтказмоқда. Бироқ у чап қанотда ҳам ўйнай олишини исботлади.

Иккала вазифада ҳам футболчи ўз техник дриблингини ишга солган ҳолда, рақиб ҳимоясини ёриб кира олишини исботлай олган.

У тўпурарлик қобилиятини ишга солиш билан бирга пас узатишни ҳам яхши билади. У бу мавсумда аллақачон беш голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Унинг эркин ижодкорлиги жарима майдончасидан ташқарида порлашига туртки бўлмоқда. Бироқ унга жарима майдончасига ёриб киришига ҳеч қандай тўсиқ ҳам йўқ. У ҳозирча 12 ўйинда уч гол уришга эришган. Қисқаси у ҳақиқий истеъдод эгаси.

«Ливерпуль»

Мавжуд вингерлар: Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане, Жердан Шакири, Лазар Маркович

Асосий услуб: 4-3-3

Захира услуб: 4-2-3-1

«Боруссия Дортмунд» билан етти йил ичида бешта соврин, қаторасига икки марта Бундеслига чемпионлига эга чиққан Юрген Клопп ҳозирда «Ливерпуль»да ўз режаларини амалга татбиқ қилаётганини ҳисобга олсак, айнан «қизиллар» америкалик футболчини ўзига қўшиб олишда катта имкониятга эга бўлиб турибди.

Ўтган мавсумда «қизиллар» бир бош тепага сакрай олишди ва Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб боришди. Премьер Лигада эса 84 гол уришди. Бу албатта ҳужум учлиги – Салоҳ, Мане ва Фирминьоларнинг сайъи-ҳаракатлари эвазига содир бўлди. Аммо бу мавсумда улар бундай самарадорликни қайта кўрсатишда қийинчиликка учрамоқда.

Ўнга қанотда Премьер Лигани «штурм» билан забт этган мисрлик футболчи 36 ўйинда 32 гол урди ва Премьер Лиганинг «Олтин бутса»сига эга чиқди. Унинг тезлиги ва дриблинги бу натижага эришишига ёрдам берганди.

Пулишич ўтган мавсумдаги Салоҳ ва Манеларга тўпурарлик ёки яратувчанлик бобида яқин ҳам йўламасди. У шу вақт ичида клуб учун 9 гол урганди. Бироқ Клопп қўли остида қайта ўйнаш самара бериши мумкин.

Хукм: гарчи «Ливерпуль» уни қўлга киритишда асосий даъвогар бўлсада, унинг севимли позициясида жаҳон даражасидаги ўйинини кўрсатаётган футболчи борлиги сабаб бу вариант унга тўғри келмайди.

«Тоттенхем Хотспур»

Мавжуд вингерлар: Хон-Мин Сон, Нкуду, Лукас Моура, Эрик Ламела

Асосий услуб: 4-2-3-1

Захира услуб: 3-4-2-1

«Тақачилар» бош мураббийи Маурисио Почеттино ёш иқтидор вакилларини етиштиришда замонавий моҳир мураббийга айланган. Унинг қўли остида Деле Алли, Ҳарри Кейн, Эрик Дайер, Кристиан Эриксен ва бошқа кўплаб футболчилар юлдузга айланишмоқда.

Унинг клубдаги тўрт йиллик фаолияти давомида «тақачилар» кучли олтиликдан Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун жиддий курашадиган жамоага айланди. Аммо ички чемпионатни ютишда муаммога учрамоқда.

Пулишич қандай қилиб ўз ўйинини топиб олган «тақачилар» ўйинига мослашиб кетиши ноаниқлигича қолмоқда. Почеттино ҳужумкор футболчиларини мавсум давомида жароҳатлар сабаб турли схемаларда ротация қилиб келмоқда.

Аммо Моура ва Ламеланинг кўрсатаётган ўйини клубга бошқа ҳужумчи қидириш истагини йўққа чиқармоқда.

Аммо Пулишич вингер бўлиш билан бирга марказга яқин ўйнай олиш қобилияти Почеттинога мос келиши мумкин. Турли хил схемаларда бир неча вазифани бажара олиши эҳтимол Почеттинога етишмаётган унсурдир.

Ҳукм: Моура ва Ламела яхши ўйин кўрсатаётган бўлиши мумкин, аммо Пулишичнинг кўп қиррали вингер эканлиги ва ёшлиги туфайли Почеттино уни танлов сифатида қабул қилиши мумкин.

«Манчестер Юнайтед»

Мавжуд вингерлар: Маркус Рэшфорд, Антони Марсяль, Алексис Санчес, Хуан Мата, Андреас Перейра, Жессе Лингард

Асосий услуб: 4-2-3-1

Захира услуб: 4-3-3

«Қизил иблислар» бутун ёз давомида ўзига ўнг қанот вингерини излади, Моуриньонинг рўйхатида Виллиан ва Анте Ребичлар бор эди. Аммо уларнинг трансфери умуман амалга ошмади. Пулишич эса келажакдаги вариант сифатда ўртага чиқиши мумкин.

Моуриньо ҳужумчиларини ўтган мавсумда соврин ютишда ёрдам бера олмагани учун бутун ёз мобайнида танқид қилиб вақтини ўтказди.

Бу мавсумда эса клуб ихтиёридаги қанот ҳужумчилари мунтазам ўйин амалиёти камлиги, ўйинида пасайиш бўлгани ва бошқа сабаблари туфайли ўзларини кўрсата олмаяпти.

Португалиялик мураббий ўз ҳужумчиларидан ҳимояда ёрдам беришни ҳам қаттиқ талаб қилмоқда. Пулишичнинг «Боруссия Дортмунд»даги вазифаси асосан ҳужумда иштирок этиш бўлганлиги туфайли у «ўзгача»нинг режаларидан мутлақо жой олмаслиги мумкин.

Ҳукм: Пулишич «МЮ» излаётган вингер бўлсада, Моуриньонинг ёш футболчиларга имкон бермаслиги кириш эшикларини ёпиши мумкин.

«Челси»

Мавжуд вингерлар: Эден Азар, Хадсон-Одой, Виллиан, Педро, Виктор Мозес, Лукас Пьязон

Асосий услуб: 4-3-3

Захира услуб: 4-2-3-1

«Челси» Пулишич учун курашда кўпам тилга олинмаётган бўлсада, айнан лондонликлар у учун асосий таркибдан муқим жой бера олади. «Кўклар» ёш футболчиларни етиштиришда паст обрўга эга бўлсада, ўз академиясидан бир неча истеъдодларни асосий жамоага ўтказишга эришган.

Шу ёзда клуб бошқарувига Саррининг келиши ортидан «Челси» 4-3-3 ўйин услубига ўтди. Бу эса ўнг қанот вингерлари учун кенг эшикларни очади. Бу мавсумда ушбу позицияда Педро ва Виллианлар ротация асосида ўзларини кўрсатмоқда.

Аммо Педро нақ 31 ни «уриб қўйди», шу сабабли у тўлиқ мавсум юқори спорт формасида ўйнай олмаслиги мумкин. Виллианнинг узоқ муддатдаги келажаги ҳам сўроқ остида. Мозес эса Конте қўли остида ўнг қанот вингери сифатидаги ўйинини қайта топа олмаяпти.

Пулишич эса Саррисмо услубида ўнг қанотда порлай олади. Ундаги техника ва дриблинг чап қанот вингерлари учун ўзларини кўрсатишга имконият туғдиради.

Ҳукм: Ёш футболчилар билан ишлай олиш тажрибаси паст бўлсада, «Челси» Пулишич учун энг яхши вариант бўлиши мумкин.