Қаҳрамон паралимпиячиларимиз тантанали кутиб олинди (фотогалерея)

28 август – 8 сентябрь кунлари Франсия пойтахти Париж шаҳрида ташкил этилган ХВИИ ёзги Паралимпия ўйинларининг қаҳрамонлари жонажон ватанимизга қайтиб келишди. Матонат соҳиблари бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида тантанали кутиб олинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Осиё Паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, Спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, юзлаб мухлислар, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Нуриддин Мўйдинхонович ҳамда Абдулла Нигматович матонатли пара атлетларимизни эришган муваффақиятлари билан яна бир карра қутлаб, улар бугунги кунда Ватанимизнинг фахри эканликларини, ҳозирда барча ёшларга ўрнак бўлиб туришганини алоҳида таъкидлашди.

Ўз навбатида уч карра Паралимпия ўйинлари чемпиони Хусниддин Норбеков ҳамда олтин медал соҳиби Асила Мирзаёрова, мураббий Сардор Абдуҳолиқов, шунингдек, чемпионларнинг ота-оналари сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан мамнун эканликларини билдиришди.

Шундан сўнг элимиз ардоғидаги санъаткорлар ўзларининг ватанпарварлик тўғрисидаги ажойиб куй-қўшиқлари билан йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтарди.

Тадбирнинг иккинчи қисми Миллий паралимпия қўмитасида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Париж-2024 қаҳрамонларига давлат раҳбарининг совғаларини тантанали топширдилар. Президент қарорига мувофиқ,

– олтин медал соҳиблари “CHEVROLET TAHOEЕ” автомобили, 200 минг АҚШ доллари ва хонадон;
– кумуш медал соҳиблари “BYD SONG PLUS EV CHAMPION” автомобили, 100 минг АҚШ доллари ва хонадон;
– бронза медал соҳиблари “BYD SONG PLUS DM-I CHAMPION” автомобили, 50 минг АҚШ доллари ва хонадон билан тақдирланишди.

Тақдирлаш маросимида сўз олган спортчиларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан жудаям хурсанд эканликлари, келгусида ҳам янги зафарлар билан жонажон ватанимиз довруғини дунёга танитиш йўлида бор куч-ғайратларини ишга солишларини билдиришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!