"Қайси жамоа Кубокни ютгач, чемпионлик керак эмас дейди?" ёхуд "Навбаҳор"га нима панд берди?
Бухорода ўтказилган Ўзбекистон Кубоги ҳам энди тарихга айланди-қолди. Унда иккита тенг кучли жамоалар – “Насаф” ҳамда “Навбаҳор” бир-бирига рақиблик қилди. Ўйин тақдири 90 дақиқа ичида ҳал бўлмагач, қўшимча таймларга ўтилди. Лекин пенальтилар сериясигача ўрин қолмади. Бунга “Насаф” жамоаси йўл қўймади. Оқибатда қаршиликлар кетма-кет иккинчи маротаба Ўзбекистон Кубогини боши узра баланд кўтардилар.
Табиийки, беллашувдан сўнг турли фикрлар билдирилиши одатий ҳол. Учрашувгача ва учрашувдан кейинги муносабатларнинг бир-бирига тўғри келмаслигини оддий қабул қиламиз. Чунки, ҳар доим футболда ўйлаган режа амалга ошавермайди. Бу сафар худди шундай манзарани “Навбаҳор” мисолида кўрдик. Агар Самвел Бабаяннинг барча режалари иш берганида Бухородан Кубок билан қайтишган бўларди. Бироқ Рўзиқул Бердиевнинг тактикаси ҳамда топқирлиги иш берди.
Ҳа, наманганликларнинг севимли жамоасидан умиди катта эди ва уйларига Кубок билан қайтишни орзу қилгандилар. “Навбаҳор” клуби учун бефарқ бўлмаган, анча вақт ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилиб, совринларни қўлга киритган Рашид Ғофуров Кубок финалидан сўнг Sports.uz учун ўйин, “Навбаҳор”га нима етишмаганлиги ва чемпионликдаги имконияти тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
“Финал учрашуви барибир қизиқарли вазиятларга бой бўлади, - дея гап бошлади, Рашид Ғофуров. - Бу ўйинда ким ютишини олдиндан айтиш қийин эди. “Навбаҳор” таркиб жиҳатидан кучли дейилади. Лекин ўйин борасида барибир “Насаф”да ўйин борлиги билинади. Нима бўлганда ҳам улардаги футболчилар анча йилдан бери бирга ўйнаб келишяпти. “Насаф” тики-такага мослашган жамоа. Ҳозир айтдим, “Навбаҳор”да яхши таркиб йиғилган. Бироқ ўйин жиҳатидан қисқа фурсатлар ичида бир-бирини тушуниши қийин бўлади. Шу нарса панд берди, деб ўйлайман. “Насаф” жамоасида мазмунлироқ ўйиннинг борлиги билиниб турибди. “Навбаҳор”да кучли ва савияли футболчилар йиғилгани билан бир йилнинг ичида натижа кўрсатиш ҳам осон иш эмас. Финалга етиб келишни ўзи бўлмайди. Менимча, охирги марта 1998 йили финалда ўзимиз ўйнагандик. Ўша пайтда ғолиб чиққандик. Шундан бери орадан кўп йиллар ўтди. Бу сафар финалга чиқишни уддалашди. Албатта, ғалабани кутгандик. Аммо насиб қилмади. Футбол шунақада, ҳар доим сизни айтганингиз бўлавермас экан.
“Навбаҳор”га нима етишмади? Ҳужум чизиғидагиларга яхши даражада қўллаб-қувватлов етишмагандир. Ҳимоянинг чап қанотига Голбанни тўла мос тушмагани ўша жойни тўлиқ қоплаб берди, деб айта олмайман. Битта чизиқ билан айб топиб бўлмайди. Асосийси, жамоавий ўйин ва ҳамжиҳатлик бўлиши керак.
Чемпионатда ҳали умид қилса бўлади. Негаки, ҳозирда бу борада имконият йўқотилгани йўқ. “Олимпик”ни қандай кучли жамоа эканлигини ўзингиз ҳам кўрдингиз. Ёшлар чарчаш нималигини билишмайди. Наманганда “Навбаҳор”га қандай қаршилик кўрсатди? “Навбаҳор” бу клубга қарши ўз уйида шунчалик қийналган бўлса, ҳали “Олимпик” ўз майдонида “Насаф”ни ҳам қабул қилади. Бу дегани балки “Насаф” “Олимпик” майдонида очко йўқотса, “Навбаҳор” олдинга ўтиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу масалада ҳали олдиндан бир нарса дейиш қийин. Албатта, ютган жамоани қўшалоқ ютгиси келади. “Насаф”да ҳам шундай. Қайси жамоа Кубокни ютгач, чемпионатдаги чемпионлик керак эмас дейди? Ҳаммасини ютгиси келади. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади”, - дейди Ғофуров.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар