Қиличбозлар "Олимпия умидлари”да беллашмоқда
Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадионида жойлашган қиличбозлик мажмуасида 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдагилар ўртасида “Олимпия умидлари” Республика очиқ турнири бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз қиличбозлик федерацияси ҳамкорлигида спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2019 йил учун республика календарь режасига мувофиқ ташкиллаштирилган мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоасига муносиб ўриндошларни саралаб олиш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашдир.
Мусобақада Қорақалпоғистон республикаси, мамлакатимизнинг барча ҳудудидан ва Қозоғистон ҳамда Тожикистондан келган 250 нафардан зиёд спортчилар қиличбозликнинг шамшир, рапира ва қилич йўналишида яккалик баҳсларида ўзаро куч синашади.
Мусобақанинг дастлабки кунида 82 нафар спортчи шамшир йўналишида ўзаро куч синашди. Ўғил болалар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларда қозоғистонлик Богдан Лукин ва Георгий Тинников олтин ҳамда кумуш медалига сазовор бўлди. Шоҳсупанинг учинчи поғанасидан эса Ҳумоюн Усманов ва Сарвар Исломов каби хамюртларимиз ўрин эгаллади.
Қизлар ўртасида эса бухоролик Азиза Хамидова барча рақибларини енгиб, олтин медалга соҳибасига айлан бўлса, тошкентлик Рисолат Юсупова кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, қорақалпоғистондан келган Дильназ Мурзатаева ҳамда пойтахтлик Алия Альбекова бронза медали билан тақдирланди.
Бугун қиличбозлар рапира йўналишида ўз омадларини синаб кўрадилар.
Фикрлар