Қирқ ёшли Возиньянинг харидори кўпайиб кетди
Мундиал қаҳрамонларидан бири, Кабо-Верде миллий терма жамоасининг 40 ёшли дарвозабони Возинья клуб даражасида фаолиятини давом эттириш учун янги таклифлар олмоқда.
Жаҳон чемпионати юлдузига Бразилиянинг В Сериясида иштирок этаётган бир неча жамоа қизиқиш билдирган. Бу ҳақда спорт журналисти Фабрицио Романо ўз ижтимоий тармоқларида хабар берди.
Ҳозирча Возинья эркин агент мақомига эга ва ҳеч қайси клуб билан шартнома тузмаган.
Тажрибали дарвозабон шу вақтгача Португалиянинг «Шавиш» ва «Жил Висенте» клублари, Словакиядаги «Тренчин», Кипрнинг АЕК Лимасол жамоаси, Молдованинг «Зимбру», Анголадаги «Проогрессо», шунингдек, ўз ватани Кабо-Верденинг бир қатор клубларида тўп сурган.
Кабо-Верде миллий терма жамоаси сафида тажрибали дарвозабон 92 та ўйин ўтказган. Возинья айнан Жаҳон чемпионатидаги таъсирли ўйинлари орқали кенг мухлислар эътиборини қозонган эди.

Фикрлар