"Қизилқум" бош мураббийи: "Гапингизга қўшилмаган бўлардим"
Суперлиганинг 23-турида “Навбаҳор” Наманганда “Қизилқум”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Акмал Рустамов қатнашди.
- Ўйин жуда вазиятларга бой бўлди. “Насаф” билан учрашувдан кейин бу баҳсга ҳам яхши тайёгарлик кўргандик. Бу учрашувда қайси жамоа гол урадиган бўлса, ютиши аниқроқ эди. Биринчи бўлимда 2-3 та голга тортадиган имконият яратдик. Охирги зарбани беришда оқсаяпмиз. Қизиқ ўйин бўлди. Тақдир шунақа экан, “Навбаҳор”га омад кулиб боқди ва ғалабани илиб кетди.
- Биринчи таймда “Қизилқум” устунлик қилди, аммо иккинчи таймда бошқача “Қизилқум”ни кўрдик. Руҳий томондан муаммолар борми? Сабаби нимада?
- Мен гапингизга қўшилмаган бўлардим. Жамоам руҳий тарафдан нормал ҳолатда. Ўйиндан-ўйингача оралиқ вақт кам. Навоийдан келгунимизгача йўл ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Биз ҳам 1:0 ҳисобида ютишимиз мумкин эди. Агар биринчи бўлимдаги вазиятларни голга айлантирганимизда ғалаба қозонишимиз мумкин эди, аммо омад мезбонларга кулиб боқди.
- Ўзгаришлар қанчалик ўзини оқлади, деб ўйлайсиз?
- Никола Кумбурович, Илҳом Ваҳобов жароҳат олган. Улар тиклангунига қадар навоийлик U21 жамоасида ўйнаётган ёшларга қўрқмасдан имкон берамиз. Мана шундай учрашувларда ўзларини кўрсатишса кейинчалик асосий таркибда ўйнаб кетишларига ишонаман.
- Легионерлардан қанчалик қониқдингиз?
- Учта легионеримиз майдонда эди. Роман Папарига, Жаба Жигаури ва Душан Мийич. Иккинчи бўлимда уларда озгина чарчоқ аломатларини кўрдим. Олдин бу кузатилмаганди. Умумий оладиган бўлсам, уларни ўйинидан қониқдим. Нафақат учала легионер, балки барча ўйинчиларга раҳмат айтмоқчиман. Омад келмади. Омад бўлганида биз 1:0 га ютиб кетган бўлардик.
- “Навбаҳор”даги мураббийлар алмашинуви режаларингизга қанчалик таъсир қилди?
- Бу табиий ҳолат. Футболда мураббий кетса, ўрнига бошқа мураббий келади. Бизни режамизда йўқ эди. Агар режамизда бўлган тақдирда ҳам ўз ўйинимизни ўйнашимиз керак эди. Вазиятларни голга айлантириш ёки айлантира олмасликда мураббийни бор-йўқлиги таъсир қилди, деб ўйламайман.
- Ким чемпион бўлиши мумкин?
- Бу нарсани айтиш қийинроқ. Олдинда 8 та тур бор. Ўйлайманки, “Насаф” иккита фронта жанг олиб боряпти. Уларга қийинроқ бўлади. Ички чемпионат ва ОЧЛда қатнашяпти. “Нефтчи” билан солиштирсак фарғоналикларда бундай қийин вазият йўқ. Олдиндан ҳеч нима айтиб бўлмайди.



Фикрлар