"Қизилқум" бош мураббийи мағлубиятдан сўнг: "Агар ёмон ўйнаганимизда футболчиларга эътироз билдиришим мумкин эди"
“Қизилқум” жамоаси бу турда ўзи учун жуда ноқулай бўлган “Пахтакор”ни қабул қилди. Бу сафар ҳам навоийликлар ушбу рақибига мағлубиятга учради. “Қизилқум”нинг турнир жадвалидаги ҳолати қониқарли эмас. Учрашувдан кейин эса мезбонлар бош мураббийи Жамшид Саидов фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бугунги учрашув ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Футболчиларга у қадар катта эътирозим йўқ. Биз учта вазиятда мувозанатни йўқотдик. Натижада “Пахтакор” учта вазият яратди ва учаласидан фойдаланиб кетди. Биз эса ўзимиз яратган имкониятларимиздан етарлича фойдалана олмадик. Бу борада бир қатор вазиятларга эга бўлгандик. Нима ҳам дердим, яна? Йигитларга миннатдорчилик билдираман. Улар охиригача курашишди. Боя айтганимдек, уларга катта эътирозим йўқ. Агар ёмон ўйнаганимизда эътироз билдиришим мумкин эди. Аммо ундай эмас. Биз охирги тургача ҳаракат қиламиз. Албатта, ғалаба қозона олмаганимиз учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. Улар бизни жуда яхши қўллаб турдилар. Уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
- Муҳаммадали Ғиёсовни Марко Симоновскийнинг ўрнида бошланғич таркибда синаб кўрилса бўлмасмикин?
- Кўриб чиқамиз. Ҳар доим имконият бўлади ва ҳар бир ўйинчига ўша имкониятни беряпмиз. Ўйинчиларни ўзига яраша функционал жиҳатлари бор. Яна кўрамиз.
- “Қизилқум” кўп ҳам иккита ҳужумчи билан ўйнамаган. Бундай тактикани кўриб чиқиш керакмикин?
- Ҳар бир ўйинда икки хил тактика қўллаяпмиз. Бизда ҳимоявий ва ҳужумкор тактика бор. Биз дарҳол схемани ўзгартиришимиз мумкин. Ўйлашимча, бу нормал ҳолат.
- Акмал Музаффаров хусусида нима дея оласиз?
- Акмал навоийлик ёш ва иқтидорли футболчи. Ундан умидимиз катта. Яхши ўйин кўрсатишга интиляпти. Унга имконият беряпмиз ва иккинчи ўйинида майдонга тушди. У билан яна ишлашда давом этамиз.
- Жамоанинг намойиш этаётган ўйини чакки эмас. Бироқ мухлислар натижадан норозилар. Айниқса, охирги ўриндалиги уларга ёқмаяпти. Агар омадли ўйинни йўлга қўя олсангиз, ҳаммаси изига тушади...
- Бу борада шуни айтмоқчиманки, ҳар ўйинни кўриб чиқамиз. Айтяпманку, футболчиларга жиддий эътирозлар йўқ. Жамоамиз қарши ҳужум ва позицион ҳужумлар орқали вазиятларга эга бўлиб боряпти. Бир қатор ҳолатларда дарвозабон жамоасини голлардан қутқариб қолди. Биласизми, жамоамизда жиддий муаммолар йўқ. Албатта, мухлисларни тўғри тушуниб турибман, улар ҳақ гапни айтишяпти. Чунки биз чиндан охирги ўриндамиз. Йигитларни ўзлари ҳам ҳар бир учрашувнинг аҳамиятини яхши ҳис қилиб туришибди. Турнир жадвалидаги ҳолатимиз ҳаммасини айтиб турибди. Ҳар бир учрашув биз учун охирги имкониятдек. Жамоани ғалабаларга етаклаш учун максимал даражада ҳаракат қиляпмиз. Фақат қаердадир омадимиз чопмаяпти. Ўйинларимизни кўринг, қанча имкониятларни яратяпмиз, лекин гол ура олмаяпмиз. Пенальти орқали бир нечтасини киритдик. Ҳа, пенальтидан фойдаланаётганимиз ҳам яхши, лекин ўйиндан гол уришда қийналяпмиз. Ваҳобовда иккита қулай вазият бўлди. Ҳозирги ҳолатда руҳий босим бор. Турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқиб мухлислар ва раҳбарият натижа талаб қилишяпти ва бунга ҳақлилар. Худо хоҳласа, ҳали имкониятимиз бор, охиригача курашамиз.
Фикрлар