Қизиқ, Ёрқин Назаров Ҳиндистон матбуотига интервью берди. Унда қандай масалалар кўтарилди?

Иқтидорли мураббий Ёрқин Назаровни Ўзбекистондан ташқарида ҳам яхши билишади. Айниқса, уни Ҳиндистонда ҳам танишади.

У футболчилик фаолиятини айнан Ҳиндистон чемпионатида тугатганини биласизми? 2008 йили Навоийнинг “Қизилқум” клубида тўп сургач, Ҳиндистоннинг “Васко Да Гама” клубидан таклиф тушган. Натижада Назаров ҳинд диёрига кетган ва у ерда бир йил давомида тўп сурган.

Ҳиндистондан қайтганидан сўнг бутсаларини михга илишга қарор қилди. Айни пайтда Назаровни мураббий сифатида ўқувчиларимиз яхши билишади. Ўтган йили "Андижон" ва "Сурхон" клубларида ишлади.

48 ёшли мутахассисни ҳалигача Ҳиндистонда эслаб туришади. Бунга мисол тариқасида куни кеча Ёрқин Назаровнинг хорижлик ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашганини айтишимиз мумкин. Аниқроғи, Indian Football Reports Ёрқин Назаров билан интервью ташкил қилди.

- Сиз Ҳиндистон футболи ҳақида нима дея оласиз? 4-5 йилдан сўнг ҳинд футболи ўзини қайси босқичда кўриши мумкин, деб ўйлайсиз?

- Келинг, аввало фактлар билан бошлаймиз. Мен Ҳиндистонда ўйнаган пайтимда миллий чемпионат ISL кўринишида бўлмаганди. Иккита қизиқарли лиганинг мавжудлиги мамлакат футболининг ўсишига катта ёрдам беради.

ёрқин1

- Сиз I лига, Ҳиндистон Суперлигаси ўйинларини кузатиб борасиз. Нима деб ўйлайсиз, бу ўйинлар сизга қанчалик қизиқарли туюлади?

- Мен I лиганинг биринчи даврасидаги барча ўйинларини кўриб чиқдим. Тўғрисини айтадиган бўлсам, Ҳиндистон футболининг ўйин услуби, ўйин динамикаси ўсганлиги ва ривожланиб бораётгани менга жуда ҳам ёқди. Буни билишдан хурсанд бўлдим. Қизиқиш ҳақида гапирадиган бўлсак, “Реал Кашмир” жамоаси фақат натижа учун ўйнайди. Асосан бурчак ва жарима зарбаларидан голлар уришади. Ҳа, балки бу услуб жуда ҳам томошабоп бўлмаслиги мумкин. Лекин жамоага ғалабалар келтиради.

Андрей Чернишов бошқарувидаги “Мухаммедан” клуби ҳам бошқача футбол намойиш этади. Бу клубнинг ўйин услуби ҳам менга ёқади. Бундан ташқари, маҳаллий мураббийлар бошқараётган жамоаларни ҳам яхши кўраман. Уларда ўзгача услуб кўзга ташланади. Бир нарса ниҳоятда ривожланганки, бу чемпионатга олдингидан кўпроқ турли давлатлардан легионерлар кела бошлашган. Шунингдек, легионерларнинг келиш нуқталари ҳам ўзгарган. Масалан, Африка, Бразилиядан футболчилар бор. Шу ҳам чемпионатни анча қизиқарли қилган.

еркин

“Гоа” жамоаси Ҳиндистон Суперлигасида 6-поғонада боряпти. “Чурчил” эса биринчи босқични бой берди. Тўғриси, уларни кучли футбол кўрсатди деб айта олмайман. Чунки тўпни назорат қилишнинг уддасидан чиқишмади. Гоадаги жамоалар эса доим техник футбол намойиш этишган. Ўйлайманки, яқин орада улар мана шундай яхши ўйин кўрсата олишади.

- Нима деб ўйлайсиз, Ҳиндистон ва Ўзбекистон футболи орасида қандай фарқланишлар бор?

- Ўзбекистон футболи Ҳиндистонникига қараганда бироз тезроқ ва техник томондан анча ривожланган. Мисол учун, бу сўзнинг исботи сифатида “Насаф” ҳамда “Мохан Баган” жамоалари ўртасидаги ОФК Кубогидаги беллашувни томоша қилишингиз мумкин. Ўша учрашувда 6:0 ҳисобида “Насаф” устун келган. Бунга сабаб сифатида келтиришим мумкинки, Ўзбекистонда футбол академиялари яхши ишлайди. Кўплаб иқтидорли ўйинчилар ўша академиялардан етишиб чиқиб, ўзбек жамоаларини кучайтиришади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишим керакки, Ҳиндистон Суперлигасида ҳам ҳинд футболчилари ўртасида юқори дивизионда ўйнашга иштиёқ ва бунинг истаги катта.

- Сиз қайси ҳиндистонлик футболчини келгусида келажаги бор деб айта оласиз?

- Номма-ном бир нарса дейишим қийин. Лекин шуни айта оламанки, ҳиндистонлик футболчилар яхши машғулот ўтказиб, яхши тажрибага эга бўлиб боришяпти. Ўйлайманки, улар келгусида кучлироқ лигаларда фаолият олиб боришга қурбилари етади. Бунинг учун уларда барча имкониятлар ҳамда футболчилардан талаб қилинадиган хусусиятлар етарли. Мен ҳам умид қиламанки, тез орада Ҳиндистон футболи ўзининг янги Сунил Четрисини топа олади.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!