"Қўқон-1912" легионери учун мавсум тугади

Coca Сola Суперлигасининг 23-турида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси устидан ғалаба қозонган “Қўқон-1912” жамоаси бир кунлик дам олишдан сўнг, кечадан бошлаб навбатдаги турда бўлиб ўтадиган Навоийнинг “Қизилқум” жамоасига қарши бўладиган ўйинга тайёргарликни бошлаб юборишди.

Даврон Файзиев шогирдлари Тошкент вилоятининг Дўрмон посёлкасида, барча қулайликларга эга бўлган спорт мажмуасида ўз машғулотларини олиб боришади. Футболчиларимизнинг кайфиятлари аъло даражада, улар кейинги турларда ҳам ўз мухлисларини хурсанд қилиш учун астойдил тайёргарлик кўришмоқда. 

Мураббийлар штаби, жамоа шифокорлар гуруҳи навбатдаги учрашувга барча футболчиларни ҳар томонлама тайёр бўлишлари учун бор тажриба ва маҳоратларни ишга солишмоқда.

Жамоамизнинг легионер футболчиси Иван Йосович жароҳатини даволатиш мақсадида ўз юртига учиб кетган. Йосович қолган учрашувларда жамоамизга ёрдам бера олмаслиги аниқ бўлиб улгурган. Биз Иван Йосовичга тезроқ тузалиб сафга қайтишини тилаб қоламиз.

Жамоамизнинг етакчи футболчилари Александр Мерзляков ҳамда Жавоҳир Сидиқовлар эса шифокорларимиз назорати остида алоҳида машғулотларда иштирок этишмоқда. Қолган барча футболчилар машғулотларда мураббийларнинг барча кўрсатма ва топшириқларини бекаму кўст бажаришяпти. Футболчиларимизга навбатдаги ўйинларда ҳам омад тилаб қоламиз!

“Қизилқум” ҳамда  “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги ўйин 2 ноябрь чоршанба куни, Навоийдаги “Ёшлар спорт мажмуаси” стадионида, соат 18:30 да бўлиб ўтади.

“Қўқон-1912” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!