Расман! Аббос Махсталиев ва Дониёр Усмонов “Навбаҳор”га ўтди

 

Жорий йилги мавсум биринчи давра якунларига кўра “Навбаҳор”ни тўққиз нафар футболчи тарк этганлиги ҳақида хабар бергандик. Ўз навбатида бош мураббий Илҳом Мўминжоновни кетганлар ўрнини муносиб футболчилар билан тўлдириш мақсадида бошқа ўйинчилар билан музокараларга киришганлиги ҳақида ҳам маълум қилгандик. Бундан бироз вақт олдин икки нафар футболчи иккинчи даврани “Навбаҳор”да ўтказиши маълум бўлди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, бу йилги чемпионат биринчи қисмида Фарғонанинг “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи Аббос Махсталиев ва “Олмалиқ” таркибида тўп тепган ҳужумчи Дониёр Усмонов шулар жумласидандир.

Аббос Махсталиев мухлисларга яхши таниш эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида муносиб иштирок орқали кўпчилик ишқибозлар Аббосни яхши билишади. Биринчи даврани “Нефтчи”да ўтказган 23 ёшли ярим ҳимоячи 14 та учрашувда майдонга тушганлигини қўшимча қилиш жоиз. 1994 йилнинг 6 июль санасида туғилган Дониёр Усмонов биринчи даврани “Олмалиқ” таркибида ўтказди. Ушбу ҳужумчи асосан захирада қолдирилганлиги сабабли атиги учта баҳсда майдонга туша олди холос. Усмонов ўзининг тезкорлиги билан 2015 йилги мавсумда “Қўқон-1912” жамоасида ўзини кўрсатганди. Шундан сўнг Тошкентнинг “Локомотив” клуби сафига қўшилганди. 2016 йилги мавсум биринчи ярмини “Локо”да ўтказган футболчини иккинчи даврада “Олмалиқ” жамоасига ижара берилганди.

Ҳар икки футболчи ҳам бош мураббий Илҳом Мўминжонов билан бугун бўлиб ўтган суҳбат чоғида “Навбаҳор” жамоасига ўтишга рози эканликлари билдиришган. Тез орада ушбу ўйинчилар билан шартнома имзоланади. Шунингдек, музокарага киришилган бошқа футболчиларни ҳам яқин кунларда “Навбаҳор” аъзосига айланишлари кутилмоқда. Келишувга эришилгач, жамоа аъзосига айланган футболчилар ҳақида хабар берамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!