Расман! Про-лига янги мавсумида 11 клуб ғолиблик учун кураш олиб боради
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитасининг 2022 йил 16 декабрь санасидаги йиғилиши кун тартибидан Про-лига масаласи ҳам ўрин олганди. Лига Ижроқўм аъзоларига мавжуд ҳолат ҳақида батафсил маълумот тақдим этгач, Про-лига қатнашчилари сафидан чиқарилиши мумкин бўлган 3 та футбол клубга 21 январь санасига қадар муҳлат бериш юзасидан қарор қабул қилинганди.
Лиганинг 2020 йилдан буён ишлаб келаётган беш мавсумлик режасига кўра, 2024 йилдан эътиборан Про лигада фақатгина профессионал футбол клублари иштирок этиши, айнан шу йилдан бошлаб AFC лицензиясини қўлга кирита олмаган клубнинг Суперлигада иштирок этишига йўл қўйилмаслиги лозим. Ярим профессионал футбол жамоалари эса профессионал клуб талабини бажариш шартидагина Про-лига қатнашчилари сафига қўшилиши мумкин.
“Зомин” клуби Лига Ижроқўми имконият тақдим этган 21-январ санасига қадар талабни бажара олмади. Бугунга келиб “Зомин” футбол клуби аниқ молиялаштириш манбасига эга эмас. Ўтган мавсум давомида клуб футболчилар, мураббий ва фақатгина битта штат-ҳодими билан фаолият олиб борди. Қолган барча масала фақатгина қоғозда бўлиб, амалда ҳеч қандай иш қилинмади. Зоминда яхши инфраструктура шаклланганига қарамай, бугунги кунда жамоани ОФК лицензиялаш талаблари асосида ушлаб туриш учун молиявий имконият мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, клуб сифатида шаклланмаган ва фақатгина бир қатор футболчилар жамланмасидан иборат бўлган мазкур жамоа 2023-йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказиши мумкин. Йил давомида лицензиялаш талаблари асосида “Зомин” футбол клуби қайта шакллантирилса, унда Про лигага қайтиш имконияти бўлади.
“Янгиер” футбол клубида вазият янада оғир. Жамоанинг футболчилар, ишчи-ходимлар, стадионлар ва бошқа корхоналар олдида етарлича қарздорлиги мавжуд. 2022-йил давомида футбол жамоаси қайта-қайта кафолатлар билангина чекланди, бироқ амалда уларни бажариш имкониятига эга бўлмади. “Янгиер” футбол клуби на Янгиердаги ва на Гулистондаги стадион бўйича билдирилган фикрлар бўйича амалда бир иш қилди. Шунингдек, вилоят футбол маҳорати мактаби билан тузилган келишув шартномаси шартларига ҳам риоя қилмагани оқибатида, мактаб тарбияланувчиларининг ота-оналаридан қатор шикоятлар келиб тушди. Шундан келиб чиқиб, Лига “Янгиер” футбол жамоасининг 2023-йилги мавсум давомида Про лига ўйинларини бир текисда ўтказиши масаласига тўла ишонч ҳосил қилмади ва унга янги мавсумни Биринчи лигада ўтказиш тавсия этилди. “Янгиер” футбол жамоаси мавжуд талабларни йил давомида бажариш шартида Про лигага қайтиши мумкин.
Шу тариқа, янги мавсум Про-лигада “Локомотив”, “Қўқон-1912”, “Динамо”, “Хоразм”, “Машъал”, “Шўртан”, “Ғиждувон”, “Юниред”, “Арал”, “Андижон СГС” жамоалари иштирок этади. “Навбаҳор-фарм” жамоаси Биринчи лигани ғолиб сифатида якунлаб, Про-лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Бунда клублар сонининг жуфт бўлиши ёки бошқа мезонлар эмас, айнан лицензиялаш талаблари бирламчи сифатида белгилаб олинди. Лига “Суперлига ва Про лига регламенти”ни ўтган йилдаёқ тўлиқ шакллантириб, Суперлига ва Про лигада иштирок этиши мумкин бўлган клубларга тақдим этган, фақатгина Про лига формати масаласи унда очиқ қолдирилганди. 28 январь санасига қадар мазкур банд тўлиқ тўлдирилади ва регламент жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилади.
Манба: ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар