
Расман: "Хоразм" Суперлига иштирокчиси!
Ҳамма кутаётган хабар чиқди. ЎзПФЛ янги мавсумда Суперлиганинг 16-жамоаси номини эълон қилди. Урганчнинг "Хоразм" клуби расман элитанинг иштирокчисига айланди.
"Клуб бош ҳомийси 2025 йилги харажатлар сметасини тасдиқлади ва смета ЎФА рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов клубни Суперлигада қўллаб-қувватлаш юзасидан расмий кафолат берди.
"Хоразм" сўнгги бор 2010 йилги мавсумни элитада ўтказган бўлиб, шундан буён нуфузи жиҳатдан иккинчи рақамли лигада иштирок этиб келаётганди. Клуб ўтган мавсумни Про лигада 6-ўринда якунлаган бўлсада, ОФК лицензиясига эга чиққан. Мазкур ҳаракат унга Суперлига эшикларини очди.
Аввалроқ "Металлург" ва "Олимпик" Суперлиганинг 16-жамоаси бўлиш имкониятидан воз кечганди. "Хоразм" эса Лига томонидан белгиланган дедлайн давомида талабни бажаришга эришди.
Аввалроқ маълум қилинганидек, Хоразмдаги стадион Суперлига талабларига жавоб бермаслигидан келиб чиқиб, клуб элитадаги рақибларини нейтрал майдонда қабул қилади. Айни вақтда Хоразмдаги стадион чими қандай турда бўлиши масаласи ЎФА билан муҳокама қилинмоқда. Бу масалада қандай келишувга эришилгани ва Хоразм унга қадар қайси стадиондан фойдаланиши масаласида кейинроқ хабар берилади", - дейилади ЎзПФЛ расмий хабарида.
Фикрлар