Расман! "Ювентус" ўз афсонасининг ўғлини сотиб олди

23 ёшли ярим ҳимоячи Кефрен Тюрам-Юльен "Ювентус"га ўтди, деб хабар бермоқда клуб матбуот хизмати. Футболчи бунга қадар “Ницца” шарафини ҳимоя қилган.

Турин клуби жамоа афсонасининг ўғли билан беш йиллик шартнома имзолади.

Тюрам 2019 йилдан бери "Ницца"да тўп суриб келаётган эди. У ўтган мавсум француз клуби сафида барча турнирларда жами 29 та ўйин ўтказиб, битта гол ва битта голли узатмага муаллифлик қилган. Трансфермаркт интернет порталига кўра, ярим ҳимоячининг тахминий нархи 35 миллион еврони ташкил қилади.

Футболчининг отаси Лилиан Тюрам 2001 йилдан 2006 йилгача "Ювентус"да ўйнаган ва клуб сафида 144 та ўйинда майдонга тушган. Футболчининг акаси Маркус “кекса синьора”нинг ашаддий рақиби “Интер”да ўйнайди. Ўтган мавсумда у жамоа таркибида 46 та ўйин ўтказиб, 15 та гол ва 14 та голли узатмани амалга оширган ҳолда Италия чемпиони бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!