Рауф Инилеев: "Обод"нинг муаммолари апрелда бошланганди

 

«Обод» бу йил анча оғир вазиятга тушиб қолди. Жамоанинг ўйини қовушмади ва қаторасига мағлубиятга учраб, мусобақа жадвалида сўнгги ўринга тушиб кетди. Ўтган мавсум рақобатбардошлигини исботлаган ва олий лигада қолишнинг уддасидан чиққан клуб учун бу анча ғалати ҳолат эди. Асл вазиятга жамоа бош мураббийи Рауф Инилеев ойдинлик киритди. Малакали мутахассиснинг айтишича, футболчилар икки ойдан буён маош олишмаган ва ҳатто сафар ўйинларига ҳам ўз ҳисобларидан бориб келишмоқда. Бу эса натижага таъсир қилмай қолмаяпти. Биз «Обод» мураббийини суҳбатга тортиб, «Обод» билан боғлиқ саволларга жавоб олдик.

ЎЗГАРИШ

Рауф Талгатович, бироз вақт муқаддам клубдаги муаммолар ҳақида гапиргандингиз. Шундан сўнг бирор ўзгариш бўлдими?

- Йўқ. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Вазият ҳамон оғирлигича қолмоқда.

«Обод» ўтган мавсумни анча яхши ўтказганди. Бу муаммолар қачон бошланди?

- Аввалига ҳаммаси яхши кетаётганди. Мавсум кўнгилдагидек бошланди ва одатдагидек мусобақада иштирок эта бошладик. Бироқ апрелда раҳбарият кутилмаганда бизни суҳбатга чақириб, клубни таъминлай олмаслигини билдирди. Клуб хўжайини апрель ойи учун маошимизни тўлиқ бериши, аммо кейинчалик таъминот тўхтатилишини очиқ-ойдин айтди. Тўғриси, бундан ҳаммамиз шок ҳолатига тушиб қолдик. Чунки чемпионатнинг энди 7-тури ўтган эди. Ҳеч бўлмаса биринчи даврани тугатиб олиш учун яна 8та ўйин ўтказишимиз лозим бўларди. Бундай узоқ вақт давомида ҳеч қандай таъминотсиз мусобақада иштирок этишнинг ўзи бўлмайди. Ўз навбатида, шу ҳолда ташлаб кетишга кўз қиймайди. Нима ҳам қилардик, ўз ҳисобимиздан ўйнашга тўғри келди.

ТАРИХДА ҚОЛИШ

Шундан буён барча харажатларни футболчилар ва мураббийлар кўтариб келмоқдами?

- Худди шундай. Клуб раҳбариятининг баёнотидан сўнг футболчилар билан йиғилдик ва ҳеч бўлмаса биринчи давра якунига қадар мусобақада қолишга қарор қилдик. Албатта, бу осон эмасди. Мен узоқ йиллардан буён футболдаман ва илгари маошлар кечикиши каби ҳолатларга кўп дуч келганман. Бунга чидаса бўларди. Агар фақат маошсиз қолганимизда ҳам буни катта фожиага йўймасдик.

Аммо «Обод»­да ҳаммаси анча оғирроқ кечди. Биз нафақат маош олмадик, балки барча харажатларни ўз чўнтагимиздан қопладик. Сафарга энг арзон транспорт воситаларида боришга тўғри келди. Манзилга эртароқ етиб бориб, ўйинга тайёрланиш каби қулайликларни батамом унутишга мажбур бўлдик. Чунки ҳамма пул ташкилотчилик билан боғлиқ ишларга кетарди. Бунақаси тарихда биринчи марта кузатилди. Шу вақтга қадар маошсиз қолганмиз, аммо бунчалик тақдир ҳукмига ташлаб қў­йилмагандик. Буларнинг барчаси жамоа натижаларига таъсир ўтказмай қолмади, албатта. Мен ҳаммасини фақат 15-турдан сўнг очиқ-ойдин гапирдим. Бунга қадар эса ёмон натижада футболчилар ва мураббийларни айблаганлар топилганди.

САБАБЛАР

Нима сабабдан шунча қийинчиликка қарамай, мусобақадаги иштирокни давом эттирдингиз? Ахир тинчгина жамоани тарқатиб қўя қолган яхши эмасмиди?

- Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, бу йил олий лига ўйин­лари жуда қизиқарли кечмоқда. Ҳеч бир учрашув натижасини олдиндан айтиш осон бўлмади ва кураш кескин руҳда кечди. Биз спортчи сифатида бундай мусобақадан четда қола олмасдик. Барчамиз келишиб, давралар оралиғидаги танаффусга қадар чидашга қарор қилдик. Боз устига, икки-уч ой ичида «Обод»га ёрдам берадиган сармоядорлар топилишига ишонардик. Гарчи бу ишонч ҳозирга қадар ҳам оқланмаган бўлса-да, умид тўлиқ сўнганича йўқ.

Иккинчидан, раҳбарият жамоадан воз кечганда энди 7-тур ўйинлари тугаганди. Биринчи давра якунига қадар 8та тур бўлиб, футболчилар бу қадар узоқ вақт давомида ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетишлари мумкин эмасди. Чунки спорт формасини йўқотиб қўйишарди. Мана шу ҳолатга йўл қўймаслик учун ҳам қи­йинчиликларга чидашга тўғри келди. Фақат давралар оралиғида улар бошқа клублар билан шартнома имзолаши мумкин бўларди. Шу боис олий лигадаги иштирокни давом эттирдик.

Қийин бўлди, албатта, аммо йигитлар ўйнаб беришди. Кўп нарсалардан воз кечишга мажбур бўлдик. Қайсидир вазиятда ота-оналар ҳам ёрдам беришди. Ва ниҳоят, учинчидан - биз мухлислар ҳурмати учун ҳам ўйнашимиз шарт эди. Чемпионат жуда қизиқарли давом этаётганди ва бир клубнинг турнирни тарк этиши мусобақа суръатига қайсидир маънода салбий таъсир ўтказиши ҳеч гап эмасди. Шу сабабли ҳам фидойилик кўрсатишга тўғри келди. Яқинда мураббийлар штаби билан гаплашиб ўтирган эдик кимдир айтиб қолди - биз ўзимиз эмас, миллий чемпионатимиз учун ишлаётган эканмиз. Маош олмасак ҳам, олий лига нуфузини сақлаб қолиш мақсадида ишимизни давом эттирдик.

РАҲБАРИЯТ

Клуб раҳбарияти жамоани шунчаки ташлаб қўйиши тўғрими? Наҳотки, ёрдам берадиган одам топилмаган бўлса?

- Очиғи, раҳбариятнинг бу қарорини тушуна олмадим. Балки шунга яраша сабаблар бордир?! Илгари ички биринчиликда фақат давлат таъминотидаги клублар қатнашарди. «Обод»дек хусусий жамоа пайдо бўлгани эса катта янгиликка айланганди.

Бу ҳолатга энди қувона бошлагандик... Афтидан, олий лигамизда бундай клубларнинг иштирок этишига ҳали эрта, шекилли. Шикоятга келадиган бўлсак, албатта, ЎФФ ва ­ФИФАга мурожаат қилсак бўларди. Чунки клуб мутасаддилари барча футболчи ва мураббийлар билан маълум муддатга мўлжалланган шартномаларни имзолашганди.

Битим якунига қадар маошларимиз берилишини талаб этишга ҳақли эдик. Аммо бу йўлдан кетмасликка қарор қилдик. Чунки раҳбариятнинг футболимиз ривожи йўлида кўп хизмати теккан. Шу боис ҳам шикоятни бир четга сурдик. Бироқ бошқа томондан оқланмаган шунча умид бор... Нима бўлган тақдирда ҳам раҳбарият ҳеч йўқ биринчи давра якунига қадар чидаб турса бўларди. Ахир бошланган ишни охирига етказиб қўйиш керак-ку!

ҲАВАСКОРЛАР

«Обод»нинг олти ойлик иштироки ҳақида нима дея оласиз?

- Нима ҳам дердим, албатта, бундан яхши ўйнашимиз мумкин эди. Лекин шунча муаммо билан... Биласизми, менга нима тасалли беради? «Обод» мана шу ўтган 15та тур давомида қанча очко ишламасин, барчасига ҳаваскор клуб бўла туриб профессионаллар орасида эришди. Майдонда бизга қарши ўйнаган клубларнинг ҳар бири шароит жиҳатидан анча юқори турарди. Шунга қарамай, уларга муносиб қаршилик кўрсата олдик ва озми-кўпми очко ишлашнинг уддасидан чиқдик. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

САРМОЯДОРЛАР

Бироз вақт муқаддам «Обод»га қизиқиш билдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Клубда янги сармоядорлар пайдо бўлиши эҳтимоли қай даражада?

- Бу ҳақида биз ҳам эшитганмиз. Аммо якунда барибир, клубни таъминлаши мумкин бўлган ҳомийлар келмади. Афтидан, раҳбарият билан музокаралар ўхшамаган, шекилли.

Бизга келган хабарларда айтилишича, «Обод»га «Пахтакор» клуби собиқ менежери ва айни вақтда Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб турган Самвел Бабаян қизиқиш билдирган экан.

- Шундай гап-сўзларни эшитдим, интернет сайтларида ёзилганини ҳам кўрдим. Аммо ўша хабарларга ҳеч қандай қўшимча қила олмасам керак. Чунки музокаралар ўтказилган тақдирда ҳам сир сақланиши турган гап.

КЕЛАЖАК

«Обод»нинг келгуси тақдири ҳақида нима дея оласиз? Катта эҳтимол билан тарқатиб юборилса керак?!

- Балки. Очиғи, бирор нарса де­йиш қийин. Олдинда ҳали етарлича вақт бор ва ким билади дейсиз, балки «Обод»га ҳам ёрдам берадиган одам топилар?! Ана, «Пахтакор»га кучли сармоядорлар келишди-ку. Биз ҳам умид қиламиз. Ҳар ҳолда, шунча меҳнатинг сингган жойни ташлаб кетиш осон эмас. Шу ҳафта бошида клубда йиғилиш ўтказилиши режалаштирилмоқда. Балки шундан сўнг аниқроқ маълумот пайдо бўлар?!

Клуб сафида кўплаб юқори савиядаги футболчилар бор. Шулардан бири - Шоҳруз Норхонов. Унинг тақдири нима бўлади?

- Норхоновга ўтган мавсум якунига етгандан сўнг бир қатор клублар қизиқиш билдирганди. Аммо таклиф этилган маблағ раҳбариятни қаноатлантирмагани учун ҳужумчи клубда қолган. Албатта, бундай футболчига жамоа ҳар доим топилади. Шоҳруз фаолиятини кучлироқ клубларда давом эттирса керак. Унинг ҳам ўзига яраша келишуви бор.

Ўзингиз ҳақингизда нима дея оласиз? Катта тажрибага эга мураббийсиз, келажагингиз нима бўлади?

- Очиғи, ҳали бу муаммолар бошланмай туриб жамоани тарк этишни истаб, ариза ёзишни режалаштириб тургандим. Аммо футболчилар кетмаслигимни илтимос қилишди ва қолдим. Кейин эса бу муаммолар бошланди. Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Аввало, «Обод»нинг олий лигадаги иштирокини давом эттиришига умид қилиб турибман. Клуб йиғилиши ўтсин-чи, қолгани биргап бўлар.

ОЛИЙ ЛИГА

Узоқ вақт олий лигадан четда бўлиб, шу йил қайтгандингиз. Ички биринчилик савияси ҳақида нима дея оласиз?

- Жорий мавсум жуда қизиқарли ўтмоқда. Муросасиз ўйинлар кўп учрамоқда, кутилмаган натижалар ҳам етарлича. Албатта, бундай чемпионатнинг келажаги порлоқ. Агар миллий биринчилигимиз шу тахлит кучайишда давом этса, ҳаммаси яхши бўлишига ишонаман.

Манба: Interfutbol

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!