Равшан Элибоев: Имкон қадар дарвоза дахлсизлигини сақлашга ҳаракат қилдим
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси дарвозабони Равшан Элибоев Кувайтда давом этаётган Осиё кубоги баҳслари ва Баҳрайнга қарши учрашув ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Мусобақа ташкилотчилиги ҳақида
- Турнир яхши ташкил этилган. Бизни яхши кутиб олишди, шароитлар ташкил этиб беришди.
Ўтказилган икки ўйин ҳақида
- Рақибларимизни яхши ўрганиб чиқдик. Хусусан, Туркманистон билан кечган ўйинда кўплаб имкониятларга эга бўлдик ва улардан фойдалана олдик. Тожикистонга қарши ўйинга келадиган бўлсак, учрашувни яхши бошладик. Бироқ кейинги таймда Тожикистон ҳам ўйинни ўз тарафига оғдиришга ҳаракат қила бошлади. Улар билан жуда кўп тўқнаш келдик. Шу сабабли улар бизни яхши ўрганган ва бу нарсалар ўйинда қўл келди. Асосийси, уч очкони қўлга киритдик ва кейинги босқичга чиқдик деб ўйлайман.
Жамоани руҳлантириш ва Тожикистон билан ўйиндаги сейвлар ҳақида
- Ҳар битта ўйиндан олдин ҳамма концентрациясини жамлаб, ўзини руҳан тайёрлаб чиқади. Аслида ҳамма нарса тажрибани ортидан келади. Биз бу жамоа билан Жаҳон чемпионатида ўйнадик, шу сабабли барибир тажриба ўз сўзини айтди. Ҳар қандай босим ва қийин вазиятда бу нарса сизга қўл келади.
Ўтказиб юборилган голлар ҳақида
- Имкон қадар дарвоза дахлсизлигини сақлашга ҳаракат қилдим. Лекин ҳар иккала голда ҳам имкон қадар уриндим. Лекин рақиб ҳам ўзига яраша потенсиали юқори эди, шу сабабли улар ҳам имкониятдан фойдалана олишди.
Баҳрайн билан бўладиган ўйин ҳақида
- Бундан ҳам чиройли ўйинлар кўрсатишга имконимиз бор, шерикларимга ишонаман. Баҳрайнга келадиган бўлсак, рақибни ўрганмоқдамиз. Ўтган ўйинлардаги хатоларни кўриб чиқиб, бу баҳсда уларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, Баҳрайн билан чиройли ўйин кўрсатамиз.
Фикрлар