Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

«Реал» Ла Лига президентини алмаштиришга чақирди

Muhammadqodir Ruzmatov
Изоҳлар: 0

“Реал” Мадрид Ла Лига президенти Хавьер Тебасни танқид қилди ва уни бетараф раҳбар билан алмаштириш зарурлигини билдирди

 "Реал Мадрид" раҳбарияти Ла Лига президенти Хавьер Тебаснинг клуб манзилига айтган сўзларини мутлақо қабул қилиб бўлмас, деб баҳолади ва лига бошқарувида ўзгаришлар зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда "Реал"нинг матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.

20 сентябр куни "Реал" Испания чемпионати доирасида меҳмон сифатида "Атлетико"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг мадридликлар бош мураббийи Жозе Моуриньo ҳакам Ортис Арьяаснинг қарорларидан норозилик билдирди. Унинг фикрича, "Атлетико" ўйинчилари Ли Кан Ин ва Кристиану Ромеро қизил карточкага лойиқ ҳаракат қилган, аммо майдондан четлатилмаган. Кейинроқ AS нашри техник ҳакамлар қўмитаси хулосасини эълон қилди, унга кўра Ли Кан Ин ҳақиқатан ҳам ўйиндан ҳайдалиши керак эди. Душанба куни эса Хавьер Тебас оммавий чиқишида "Реал" ва Real Madrid TV телеканалини ҳакамларга босим ўтказишда айблади.

"Клубимиз Ла Лига президенти ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб, ҳар бир оммавий чиқишида "Реал"ни обрўсизлантириш ва унга ҳужум қилишни давом эттираётганини мутлақо қабул қилмайди. Лигадаги барча клублар манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун жавобгар бўлган шахснинг айнан "Реал"га шунчалик қаттиқкина боғланиб, клубимизни ўзининг доимий оммавий танқидлари нишонигa айлантираётгани жиддий ташвиш уйғотади. Унинг сўнгги баёнотлари айниқса жиддий ва тушунарсиз, масъул раҳбар мақомига мутлақо мос келмайди. Чунки улар рақамли нашрдаги мустақил журналист мақоласига таянади, холос. Шунга қарамай, у клубимизга қарши чиқиб, ҳатто спорт стратегиямизга баҳо бериш даражасигача борди, бу эса мутлақо ўринсиз ва масъулиятсиз ҳаракат", — дейилади "Реал" баёнотида.

"Бундай ноўрин ва тизимли хатти-ҳаракатлардан келиб чиқиб, биз Испания профессионал футбол чемпионатига зудлик билан уни бошқара оладиган, унинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқарадиган ва энг асосийси, бетарафлик тамойилига қатъий риоя қиладиган етакчи зарур, деб ҳисоблаймиз. Лига президенти чемпионат эгаси эмас, балки унга кирувчи клубларга хизмат қиладиган бошқарувчи эканини тўлиқ англайдиган инсон керак. Клублар ўз зиммасига юклатилган бу вазифани ҳалол ва сидқидилдан бажарадиган раҳбарга муҳтож", — дея қўшимча қилинган мадрид клуби баёнотида.

64 ёшли Хавьер Тебас 2013 йилдан буён Ла Лигага раҳбарлик қилиб келмоқда. У бундан олдин бир неча бор ўзини "Реал" мухлиси эканини таъкидлаган.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ