Real Madrid Foundation Clinic дастурининг биринчи босқичи ниҳоясига етди

Карлос Альберт, Мануэль Агуадо Хил ва Эктор Висентеларнинг Real Madrid Foundation Clinic дастури бўйича юртимизга ташрифи доирасидаги биринчи босқичнинг иккинчи хафтаси ҳам ўз ниҳоясига етди.

2004-2005 йилда туғилган болалар иштирокидаги “Бунёдкор” стадионида ўтказилган машғулотларда “Қироллик клуби” мутахассислари “Реал Мадрид” академияси методикаси асосида машғулотлар олиб боришгани хақида аввал хабар бериб ўтган эдик.

Биринчи босқичнинг сўнгги хафтасида ҳам амалий дарсларга алоҳида урғу берилиб, асосий эътибор тўпни майдонда олиб юриш, тўп билан муомала қилиш, майдонда тўғри позиция танлай олиш, югуриш техникаси, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш, “теннисбол” машғулоти каби йўналишларга қаратилди.

Мусобақанинг сўнгги кунида “Реал Мадрид” мураббийлари шогирдлари ҳамда Азамат Абдураимов бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоаси ўртасида назорат учрашуви ҳам ўтказилди. Эслатиб ўтамиз 1 июндан 16 июнга қадар давом этган машғулот ва мастер классларда республикамизнинг барча худудларидан ташриф буюрган 150 дан зиёд ёш спортчилар иштирок этишди. Барча қатнашчиларга сертификатлар тақдим этилди.

Real Madrid Foundation Clinic дастурининг кейинги босқичи Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар ва вилоятларида ҳам ташкил қилиниши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!