"Реал" Родрини бошқа клублардан эҳтиёт қиляпти
Мадриднинг «Реал» клуби «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Родрини имкони борича тезроқ ўз сафига қўшиш ниятида. Sport.es нашри ёзишича, мадридликлар жаҳон чемпиони бўлган футболчининг трансферида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги учун «шаҳарликлар»га жиддий босим ўтказишга тайёр.
Бу борада асосий урғу Родрининг 2027 йил ёзида якунланадиган шартномасига қаратилмоқда.
Манба маълумотига кўра, «Реал»нинг асосий мақсади – жараёнга бошқа клублар аралашиб қолишининг олдини олиш ва музокараларни тўлиқ назорат қилиш. Мадридликлар ташқи омиллар битимни хавф остига қўйишидан аввалёқ келишувни якунлашни истамоқда.
Хабарда таъкидланишича, «Реал» Родри учун ярим ҳимоя чизиғида жой бўшатишга ҳам тайёр. Бунинг учун энг эҳтимолий номзод сифатида Эдуарду Камавинга кўрсатилмоқда. Франциялик футболчини сотиш варианти клуб ичида жиддий кўриб чиқилаётгани айтилмоқда.
Ўтган мавсумда Родри барча мусобақалар доирасида 33 ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 50 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар