"Реал": шу футболчини барибир оламиз
«РБ Лейпциг» жамоасида тўп суриб келаётган 19 ёшли вингер Ян Диоманде ҳали ҳам «Реал Мадрид» скаутлари диққат марказида турибди. Бу ҳақда футбол бўйича маълумотлари билан танилган инсайдер Экрем Конур хабар берган.
Шу билан бирга, манбага кўра, мадридликлар немис клуби талаб қилаётган 120 миллион евро миқдоридаги тўловни амалга оширишга тайёр эмас. «РБ Лейпциг» эса трансфер нархини пасайтириш ёки музокара олиб бориш ниятида эмас.
Қизиғи шундаки, Диомандега даъвогар бўлаётган бошқа клублар ҳам бу қадар катта сумма тўлашга рози эмас.
Манбалар маълумотича, «РБ Лейпциг» яқин вақтларда ивуарийлик футболчига маоши сезиларли оширилган янги шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Диоманде ўзига кўпроқ ном чиқарган, нуфузли клубга ўтиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.
Ўтган мавсумда Ян Диоманде барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда 36 та ўйинда майдонга тушди, 13 та гол урди ва 10 та голли узатма муаллифига айланди.

Фикрлар