“Реал”да ўйнаган юлдуз 41 ёшида футболга қайтди

Мадриднинг “Реал” клуби ва Нидерландия  миллий терма жамоаси собиқ футболчиси Уэсли Снейдер 41 ёшида ўз ватанида футболчилик фаолиятини қайта бошлашга қарор қилди.

Снейдер тўртинчи дивизионда иштирок этаётган  “OSM’75” клуби таркибида майдонга тушди. У учрашув тугашига тахминан йигирма дақиқа қолганда ўйинга қўшилди ва жамоасининг “Focus’07” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишига ҳисса қўшди.

Уэслининг акаси Жеффри Снейдер “OSM’75” клуби бош мураббийининг ёрдамчиси ҳисобланади. Жамоада унинг кичик укаси Родни ҳам ўйнайди.

- Нега футболга қайтишга қарор қилдим? Чунки мен ҳали ҳам буни дунёдаги энг қизиқарли ўйин, деб ҳисоблайман.

Узоқ вақт давомида танам менга майдонга чиқишга имкон бермади. Аммо мен секин-аста бунинг учун тайёргарлик кўра бошладим.

Ва бир куни ўзимга шундай савол бердим: “Биласанми, яна бир бор уриниб кўрсанг нима бўлади?”, - дедим, - дейди 41 ёшида майдонга қайтган Снейдер.

Футболчилик фаолияти давомида Уэсли Снейдер Нидерландиянинг “Аякс”, Испаниянинг “Реал”, Италиянинг “Интер”, Туркиянинг “Галатасарой”, Франциянинг “Ницца” ва Қатарнинг “Ал-Гарафа” клубларида тўп сурган.

2013 йилдан 2018 йилгача у Нидерландия миллий терма жамоаси сафида ўйнади. Шу жамоа билан 2010 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медалга, 2014 йилги жаҳон чемпионатида эса бронза медалга сазовор бўлган.

2009-2010 йилги мавсумда Снейдер “Интер” таркибида Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!