“Реал”дан кетаётганлар сони ортмоқда

Испания чемпионлиги ва Европа Чемпионлар лигаси ғолиблигини қўлга киритган “Реал”дан кетаётган футболчилар сони ортиб бормоқда.

Мавсум якунланиши билан асосий таркиб ўйинчиларидан ҳисобланган Тони Кроос, Начо Фернандес ва Хоселу клубни тарк этиб бўлди.

Тажрибали ижрочиларқаторида етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётган икки футболчи – аргентинлик ҳужумкор футболчи Николас Пас ва уругвайлик марказий ҳужумчи Альваро Родригес ҳам ўзига янги жамоа қидирмоқда.

TodoFichajes нашрининг ёзишича, “Қироллик клуби”ни тарк этадиганлар қаторига 27 ёшли ярим ҳимоячи Дани Себальос ҳам қўшилди.

Маълумотларга қараганда, футболчи кўпроқ ўйин амалиёти берадиган жамоада ўйнаш истагини билдириб, клуб раҳбариятидан ўзини қўйиб юборишни сўраган.  

Дани Себальос “Бетис” тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2017 йили “Реал”га олиб келинганидан бери асосий таркибдан муқим жой ололмаяпти. Дани 2019 йили ижара асосида “Арсенал”да ўйнаб келганига қарамай, унинг фаолиятини ижобий ўзгариш бўлгани йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!