"Roland Garros". Асосий фаворит курашга қўшилди, сараланганлар ҳақиқий жанг ўтказди

"Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа ҳисобланадиган "Roland Garros" турнирида навбатдаги кун баҳслари ўтказилди.

Мусобақанинг биринчи рақам остида сараланган спортчиси Новак Жокович бугун ўз юришини бошлади. Швециялик Микаэль Имерга қарши кортга чиққан сербиялик ортиқча қийинчиликсиз кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Якуний ҳисоб: 6:0, 6:2, 6:3.

Яна бир сараланган ракетка устаси Маттео Берреттини канадалик Вашек Поспишил устидан 3 сет якунига кўра ғалаба қозонди. Баҳс давомида устунлик қилган италиялик якунда 6:3, 6:1, 6:3 ҳисобларида зафар қучди.

Куннинг энг драматик беллашувида Сэм Куэрри ҳамда Андрей Рублёв кортга чиқди. 5 сет давом этган учрашувда Рублёв ажойиб камбэк амалга оширди. Дастлабки икки сетни тай-брэкда америкалик рақибига бой берган Андрей кейинги сетларда ўзида ирода топа олди. 3-сетни ўз фойдасига ҳал қилиб, руҳий устунликка эга бўлган рус спортчиси қолганларида ҳам рақибига имконият қолдирмади. Якуний ҳисоб: 6:7, 6:7, 7:5, 6:4, 6:3.

Шунингдек, интригага бой ўтган Хауме Муньер ҳамда Стефано Циципас баҳси ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. 5-тартиб рақам остида сараланган грециялик Стефано ўйин олдидан фаворит мақомида эътироф этилган бўлса-да, дастлабки 2 та сетни испаниялик рақибига ютқазиб қўйди. Аммо у ҳам 3-сетни учрашувнинг бурилиш нуқтасига айлантира олди ва якунда катта тажрибаси эвазига ғалабани илиб кетди. Якуний ҳисоб: 4:6, 2:6, 6:1, 6:4, 6:4.

Кучлилар сафида эътироф этиладиган теннисчиларнинг яна бир баҳсида Денис Шаповалов ва Жиль Симон ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олишди. Учрашувда ёш канадалик спортчи Шаповалов тажрибали рақибини 6:2, 7:5, 5:7, 6:3 ҳисобларида мағлубиятга учратди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!