"Roland Garros". Бугунги кун натижалари билан танишинг

"Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа ҳисобланадиган "Roland Garros" турнирида 3-босқич баҳслари якунланди.

Турнирнинг асосий фаворити Новак Жокович бу босқичдан ҳам анча осон ўтди. Колумбиялик Даниэль-Элаи Галанга қарши кортга чиққан сербиялик теннисчи 3 сетда баҳс масаласини ҳал қилди. Якуний ҳисоб: 6:0, 6:3, 6:2.

Яна бир сараланган ракетка устаси Стефанос Циципас ҳам худди Жокович каби 3 сетда, осон ғалабага эришди. Қизиғи, Циципас словениялик Аляж Беденега атиги 4 гэймни бой берди. Ўйин давомида 10 та эйс амалга ошириб, бирорта қўшхатога йўл қўймаган юнон спортчиси 6:1, 6:2, 6:1 ҳисобида зафар қучди.

Шунингдек, россиялик теннисчи Андрей Рублёв ҳам нисбатан осон зафар қучди. ЖАР шарафини ҳимоя қилувчи Кевин Андерсон билан куч синашган Рублёв ҳам 3 сетда баҳс масаласига ойдинлик киритди. Россиялик рақибига 6:3, 6:2, 6:3 ҳисобида мағлуб бўлган Андерсон эса, совринсиз ортга қайтишга мажбур бўлди.

Сараланган теннисчилар курашида яна бир рус спортчиси Карен Хачанов ғалабага эришди. Юқорида санаб ўтилган ракетка усталаридан фарқли равишда, Карен 4-босқичга бироз қийинчилик билан йўл олди. Чилилик Кристиан Гарин билан ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олган Хачанов дастлабки сетни ўз номига ёздирди. Кейинги сетда рақиби қаршилигини синдира олмаган бўлса-да, қолган сетларда устунлик намойиш этиб, ўз юришини давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ва албатта, "Roland Garros-2020"да ўрганиб қолганимиздек, бош соврин учун кураш олиб бориши тахмин қилинган яна бир теннисчи ўз юришини эрта тўхтатди. 7-тартиб рақам остида сараланган Маттео Берреттини немис ракетка устаси Даниэль Альтмайер тўсиғидан ўта олмади. Ўйин давомида кўпроқ эйс ижро этган, камроқ қўшхатога йўл қўйган Берреттини якунда ракеткаларини ғилофига жойлашга мажбур бўлди. Ўйин германиялик теннисчининг 6:2, 7:6 (7:5), 6:4 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!