"Roland Garros". Мертенс камбэк қурбонига айланди, сараланган теннисчилар сони яна камайди

"Roland Garros" турнирининг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам кучлилар номи тобора аниқлашиб бормоқда. Бугун 3-босқич беллашувларига якун ясалди.

Мусобақанинг биринчи рақамли ракеткаси Симона Халеп бу босқичдаги рақибасига умуман имконият қолдирмади. 2 сетда яна бир сараланган Аманда Анисимовани 6:0, 6:1 ҳисобларида мағлуб этган Халеп ўз юришини анча дадил давом эттирди. Айтиш жоизки, руминиялик йўлидан чиққан ҳеч кимни аяб ўтирмаяпти.

5-тартиб рақамли нидерландиялик Кики Бертенс Чехиядан ташриф буюрган Катерина Синяковани нисбатан осонроқ енгди. Баҳс давомида умумий 4 тагина гэймни ютқазган Бертенс икки сетда ҳам бир хил 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Украина шарафини ҳимоя қилувчи Элина Свтиолина ҳам кейинги босқич масаласини ижобий ҳал эта олди. Бироқ россиялик Екатерина Александровага қарши кортга чиққан Свитолина бироз қийналганини ҳам эътироф этмасдан илож йўқ. Якуний ҳисоб: 6:4, 7:5.

Бу босқичга қадар Виктория Азаренко, Винус Уильямс каби номдор теннис маликаларини турнир билан хайрлашишга мажбур қила олган Анна Шмидлова 3-босқичда ўзи ҳам ракеткаларини ғилофга жойлашга мажбур бўлди. Аргентиналик Надя Подороска билан баҳс олиб борган Шмидлова якунда 6:3, 6:2 ҳисобларида имкониятни бой берди.

Камбек қурбонига айланган бельгиялик Элизе Мертенс 4-босқич чипталари учун франциялик Каролин Гарсия тўсиғидан ўта олмади. Биринчи сетни ўз номига ёздириб қўйишга эришган бўлса-да, кейинги сетларда ортиқча хотиржамликка берилган Элизе мусобақани тарк этди. Якуний ҳисоб: 1:6, 6:4, 7:5.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!