Роналдиньо, Артета, Анелька: футболчи Почеттинонинг ПСЖдаги жамоадошлари
1970 йилда ташкил этилган ПСЖ қатарлик шайхлар қўлига ўтгунича ўртамиёна натижалардан боши чиқмаган бир клуб эди. Албатта, бунда уларни ҳеч ҳам айбситмоқчи эмасмиз. Зеро, улар келгусида Европа футболининг устунларига айланган бир қатор футболчиларнинг камолга етишида ўз ҳиссасини қўшган. Лига 1 даги ғалабалар эсга оларли даражада эмас. Аммо уларнинг 1996 йилги Кубок эгалари кубогини ютгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 2001/2002 йилги мавсумда Франция номидан Европа нуфузли турнирларида иштирок этган клублардан бири бўлган парижликлар том маънода, ўзларини барчага танитиб қўйган. Эътиборлиси, ушбу таркибда Маурисиу Почеттино ҳам бор эди. Унинг шериклари келгусида футбол оламининг донгдорларига айланиб кетишди. Бироқ, уларнинг ПСЖда ўйнаганини кўпчилик билмайди. Келинг, ўша футболчиларни бирма-бир хотирлаймиз.
Дарвозабон: Лионель Летици (196 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Ницца”, “Мец”, ПСЖ, “Рейнжерс”, “Ницца”
Летици ўз фаолиятини “Ницца”да бошлаган ва шу ерда тугатган. Аммо фаолиятининг энг гуллаган даврини ПСЖ либосида ўтказгани учунми, уни “Парк де Пренс”да кўпроқ эслашади. 2000-2006 йиллардаги самарали фаолияти орқали у мухлислар қалбидан ўрин олишга муваффақ бўлган.
Франция терма жамоаси таркибида 4 та учрашувда дарвозани қўриқлаган Лионель Париж клуби билан 2 маротаба мамлакат кубогида зафар қучган. 2006 йилда “Рейнжерс”га кўчиб ўтган посбоннинг бу ердаги саргузаштлари 6 ойгина давом этди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Бернард Менди (247 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Кан”, ПСЖ, “Болтон”, “Халл Сити”, “Оденс”, “Брест”, “Ченнайин”, “Аполлон”, “Ченнайин”, “Шарқий Бенгал”, “Ченнайин”
2000 йилда ПСЖ сафига келиб қўшилган Бернард Менди ўнг қанотда ўзининг энг ажойиб ўйинларини намойиш этди. Кристобалдан асосий таркибни тортиб олган футболчи 5 мавсум давомида клуб ўнг қаноти “байроғи”га айланди.
Фаолияти давомида жуда кўп клубларда ҳаракат қилгани рост. Аммо ўзининг энг чиройли ўйинларини Парижда ўтказган.
Марказий ҳимоячи: Маурисио Почеттино (95 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Ньюэлз Олд Бойз”, “Эспаньол”, ПСЖ, “Бордо”, “Эспаньол”
Марсело Бьелсанинг афсонавий “Ньюэлз Олд Бойз” жамоаси асоси бўлиб хизмат қилган Почеттино ПСЖга келгунига қадар, “Эспаньол”да ҳам кўриниш бериб улгурган. Қизиқ томони шундаки, унинг футболчи сифатидаги ташрифи ҳам қишки трансферлар ойнаси даврига тўғри келади. Парижликлар мудофааси марказидаги ишончли ҳаракатлари эвазига Аргентина терма жамоасининг 2002 йилги мундиалдаги асосий ҳимоячиси бўлган. ПСЖдаги унумли йилларидан сўнг, у бир муддат “Бордо” шарафини ҳам ҳимоя қилди. Сўнгра, “Эспаньол”да “бутсаларини михга илди”.
Марказий ҳимоячи - Фредерик Дею (166 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Ланс”, “Барселона”, ПСЖ, “Марсель”, “Леванте”
“Ланс” академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Дею “Барселона”да ўз бахтини топа олмади ва Францияга қайтишга мажбур бўлди. ПСЖ унга қучоғини очди. 4 йиллик чин кўнгилдан қилинган меҳнат туфайли у мухлисларнинг чуқур эҳтиромига сазовор бўлди.
“Леванте”да фаолиятини якунлаш олдидан “Марсель” либосида ҳам ўйнашга улгурди.
Чап қанот ҳимоячиси: Габриэль Хайнце (132 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Ньюэлз Олд Бойз”, “Вальядолид”, “Спортинг”, ПСЖ, “Манчестер Юнайтед”, “Реал”, “Марсель”, “Рома”, “Ньюэлз Олд Бойз”
Почеттино каби Хайнце ҳам 90-йиллар Аргентина футболида ҳақиқий шов-шув кўтарган “Ньюэлз Олд Бойз” сафида ҳаракат қилган. ПСЖга келиши аввалидан эса, Испанияда ҳам ўзини кўрсатишга муваффақ бўлган.
Париждаги йиллар унга росмана мактаб вазифасини ўтади. Шу вақт мобайнида терма жамоа мураббийлари ва Европа грандлари назарига тушди. Ҳар ҳолда, сиз Хайнце номини кўпроқ МЮ ва “Реал”га ҳамоҳанг тарзда эслайсиз.
Марказий ярим ҳимоячи: Микель Артета (53 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Барселона Б”, ПСЖ, “Рейнжерс”, “Реал Сосьедад”, “Арсенал”, “Эвертон”
Профессионал фаолиятини “Барселона” ўринбосарлари таркибида бошлаган Артета асосий жамоага ўтавермагач, ПСЖ 1,5 йилга уни ижарага олади. Парижда ҳам у ўта омадли даврни ўтказмаган. Фақат у футболчи сифатида ўсишга эришган. Францияда орттирилган тажриба келгусида унга Испания ва Англия майдонларида қўл келди. Ёдингизда а?!
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Угу Леал (74 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Бенфика”, “Алверка”, “Атлетико”, ПСЖ, “Порту”, “Академика”, “Брага”, “Белененсес”, “Трофенсе”, “Саламанка”, “Витория”, “Эшторил”
Португалия футболидаги ёрқин номлардан бири ҳисобланган Угу Леал ўз миллати вакиллари орасида ПСЖ сафида энг муваффақиятли ҳаракат қилгани ҳисобланади. Унинг босиб ўтган йўлига қарасак ҳам, жуда кўп португал клубларида ўйнаганини кўришимиз мумкин. Аммо легионер сифатидаги фаолияти анчайин омадли кечганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
У ПСЖ билан мамлакат кубогини ютгани билан ҳам қадрлидир.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жей-Жей Окоча (112 та)
Фаолият олиб борган клублари: “Боруссия” Ньюнкирхен, “Айнтрахт”, “Фенербахче”, ПСЖ, “Болтон”, “Қатар” СК, “Халл Сити”
1998 йилги мундиалда Нигерия термасини олдинга етаклаган Окочани 14 миллион фунт-стерлинг эвазига харид қилган ПСЖ жуда катта юришни амалга оширган. Ўшанда Жей-Жей африкаликлар орасидаги энг қиммат футболчига айланганди. Бироқ, унинг трансфери кутилган натижани бермади. Ҳа, 4 мавсум давомида Окоча намойиш этган ўйинни ёмон, деб бўлмайди. Аммо ўша давр учун 14 миллион катта сумма ҳисобланар, бу каби нархга олиб келинган футболчидан ҳамма мўжизалар кутарди.
2002 йилда ниҳоят, парижликлар уни “Болтон”га қўйиб юборади.
Вингер: Роналдиньо (76 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Гремио”, ПСЖ, “Барселона”, “Милан”, “Фламенго”, “Атлетико” Минейро, “Керетаро”, “Флуминенсе”
Бразилия терма жамоасидаги ёрқин ўйинлари ва “Гремио”да намойиш этган футболи сабаб ПСЖ “Ронни”ни ўз сафига таклиф қилди. Бошида, у қадар яхши натижа бермайдигандек кўринган бу келишув якунда бошқача кўриниш олди. Роналдиньо ПСЖ сафида ўтказган 76 та баҳсида 25 маротаба рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришди.
2002 йилги жаҳон чемпионатидаги мўжизавий ҳаракатлари “Барселона”ни ПСЖ футболчиси билан шартнома имзолашга мажбур этди. У янги авлод “Барселона”сининг яратилишида муҳим асос вазифасини ўтади. Жамоа билан Ла Лига ва Чемпионлар Лигасида зафар қучди. 2005 йилда эса, “Олтин тўп”ни ҳам ўзиники қилиб олди.
Вингер: Алоизиу (78 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: “Фламенго”, “Гуарани”, “Гоиас”, “Сент-Этьен”, ПСЖ, “Рубин”, “Атлетико” Паранаенсе, “Сау Паулу”, “Ал-Райян”, “Васко Да Гама”, “Сеара”, “Бразилиенсе”, “Бруске”, СРБ, “Гама”
Алоизиуни ҳақиқий сайёҳ, деб атасак бўлади. Тиниб-тинчимаган “қария” бир неча йил аввал 42 ёшидагина фаолиятини якунлади. Унинг энг кучли даври деб, 2001-2003 йиллар мобайнида Париждаги саргузашти ёдга олинади. Бундан кейинги фаолиятида Россия музликларидан Арабистон саҳроларигача етиб борадиган клубларни учратишимиз мумкин.
Марказий ҳужумчи: Николья Анелька (69 та ўйин)
Фаолият олиб борган клублари: ПСЖ, “Арсенал”, “Реал”, ПСЖ, “Ливерпуль”, “Манчестер Сити”, “Фенербахче”, “Болтон”, “Челси”, “Шанхаи Шенгхуа”, “Ювентус”, “Вест Бромвич”, “Мумбай Сити”
ПСЖда фаолиятини бошлаган ва Арсен Венгер назарига тушган пайтда Анельканинг ўзи ҳам келгусида шунча клубда ўйнашини тахмин қилмаган бўлса керак. Аммо шарқий Лондондаги саргузаштлар узоқ чўзилмади. Никольянинг “карнай” иштаҳаси “Реал” берган илк таклифниёқ қабул қилди. “Сантиагу Бернабеу”даги омадсизликдан сўнг, у яна биринчи клубига қайтади.
Бундан кейин ҳам ҳеч бир клубда узоқ ўйнамаган француз футбол тарихидаги энг кўп жамоада ўйнаган футболчилар қаторидан жой олди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар