Роналдо: "Винисиус ва Рафиньядан натижа талаб қилиниши табиий"
Бразилия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Роналдо миллий жамоада Винисиус Жуниор ва Рафиньянинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Афсоналардан бири ҳисобланган собиқ футболчига кўра, ҳар икки ўйинчи клублардаги юқори савиясини терма жамоада ҳам намоён этиши керак.
"Бизда яхши жамоа ва ўз клубларига катта фойда келтираётган футболчилар бор. Аммо миллий терма жамоада ҳам улар мослаша олиши ва клубларидаги каби натижа кўрсатиши муҳим.
Винисиуснинг “Реал” учун нақадар муҳим эканини кўриб турибмиз. Биз унинг терма жамоада ҳам худди шундай ўйнашини хоҳлаймиз. Унинг ўзи ҳам бунга қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Баъзан эса ҳаммаси ҳам ўхшайвермайди. Шунинг учун маълум даражада сабр қилиш керак.
Футболчи қачон ҳужум қилиш, қачон орқага қайтиш, қачон тўпни шеригига ошириш ва ҳужум учун бўш ҳудуд яратиш кераклигини яхши ҳис қилиши лозим. Ҳужум учун тўғри вақтни танлаш муҳим.
Аммо бир нарса аниқ: Винисиус ва Рафинья ҳозирги Бразилия терма жамоасининг асосий юлдузлари ҳисобланади. Шунинг учун мухлислар улардан юқори натижа талаб қилиши табиий", — деди Роналдо.

Фикрлар