Роналду қачонгача ўйнашини айтди
Саудия Арабистонида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келаётган “Ан-Наср” ҳужумчиси ва сардори Криштиану Роналду Про-лигасининг 7-туридан кейин футболга бўлган муҳаббатини таъкидлади.
“Ал-Фейҳа” билан ўйинда рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, жамоаси ғалабасини таъминлаган 40 ёшли ҳужумчи фаолиятидаги голлари сонини 952 тага етказиб олди.
- Бу мен учун ҳам, бутун жамоа учун ҳам ажойиб ғалаба бўлди. “Ан-Наср” ғалаба қозонди, мен эса икки гол урдим — бу муҳим.
Ҳар доим айтаман: спортда узоқ умр кўришнинг сири — муҳаббат ва иштиёқ. Мен ҳали ҳам шу иштиёқни ҳис қиламан. Гол урсам ҳам, урмасам ҳам — бу менинг ҳаётим. Қарийб чорак аср футболдаман — бу ҳам менинг ҳаётим. Шунинг учун оёқларим имкон берса, ўйнашдан тўхтамайман, - деди Криштиану Роналду.
Португалиялик юлдузнинг ўз олдига қўйган мақсадларидан бири футбол тарихида биринчи бўлиб расмий учрашувларда 1000 та гол уришдан иборат. Унинг “Ан-Наср” билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача давом этишини инобатга олсак, Роналду бу маррани забт этиш учун яхши имконият бор.



Фикрлар