Роналду ва Месси бир жамоада тўп суриши ҳақиқатга яқин!
SPORTS.uz Роналдунинг "Барселона"га ўтиши мумкинлиги ҳақида фикр алмашади.
Кришда вариант кўп эмас
Тан олиш лозим, таклиф ҳақиқатдан бўлган. "Манчестер Юнайтед" Кришга катта маош тўламоқчи эмас. Де Хеа ва Погбанинг ўзи улар учун етиб ортади. Боз устига, 36 ёшли футболчи учун америкалик ишбилармонлар улкан сумма таклиф этмаслиги кундек равшан.
"Ювентус"да қолиш варианти ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Aллегри аллақачон Роналду атрофида жамоа қурмаслигини маълум қилиб бўлди. Мутахассис ўз хатосини икки бор такрорламайди.
ПСЖ ҳам португалиялик билан контракт имзолашга шошилмаяпти. Неймар билан ўртадаги шартнома узайтирилди. Энди, Мбаппени трансферга қўйилиши ҳеч ким хавотирга солмаяпти. Сабаби, Килиан учун ҳозир идеал жамоанинг ўзи йўқ. У ПСЖдан кучли жамоага ўта олмаслигини англаб турибди.
Шундай экан, Роналду учун "Барселона" юборган таклиф шунчаки миш-миш эмас. Рони кетишга қарор қилган, лекин қаерга эканлигини ҳозирча номаълум. Балки, бу Каталония жамоаси бўлар? Бу футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Қариганда душман томонга !
Aслида, Роналдунинг "Барселона"га ўтиши бошқа давлатдаги "реалчилар"нинг ғазабини қўзғатиши мумкин, бироқ Испанияда бу тўғри қабул қилиниши аниқ. Гап шундаки, Криш ҳеч қачон "Барселона" ёки Каталония шаънига хунук сўзлар айтмаган. Ўртада ҳеч қандай адоват йўқ. Боз устига, у "Реал"дан тўғри "Барса"га келмайди. Ўртадаги пауза сабабли мухлислар уни соғинган.
Катта эҳтимол билан, бу трансфердан бирорта каталониялик хафа бўлмайди. Улар аксинча, ишбилармон Лапортани мақташади. Тўғриямда, икки мега юлдузнинг бир жамоада тўп суриши ва бу клуб "Барселона" бўлиши улкан воқеа. Бундай трюкни ҳамма ҳам амалга оширишга қодир эмас!
Ўз вақтида, бразилиялик Роналдо ҳам Испания грандлари шарафини муносиб ҳимоя қилган. Шу боис, ҳеч қачон ҳуштаклар билан қарши олинмаган. Aгар, Роналду кутилганидек сермаҳсуллик кўрсатса, "Барса" янги қаҳрамони қабул қилишдан фақат ва фақат мамнун бўлади.
"Реал" мухлислари эса, Кришга шартнома таклиф қилмаган Пересдан хафа бўлиши аниқ, лекин уни кескин кутиб олмайди. Испания Aнглия эмас. Боз устига, ички биринчилик рейтинги ўсиши сабабли, бу қарор ҳаммани бирдек хурсанд қилади. 36 ёшли Роналдуни "Барса"га ўтишини ҳеч ким жиноят, деб ҳисобламайди.
Роналду "Барса"га керак!
Турли реклама роликлари ва шартномаларига эга Криш "Ювентус"да "Adidas" етказиб берган либосларда тўп суради. Бу унинг "Nike" билан тузган битимидаги айрим бандларни кучга кирмаслигига сабаб бўлмоқда. Футболчининг америкаликлар билан тузган шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган. Шу боис, "Nike" эпикировкасидаги "Барселона" билан шартнома Роналдуга янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Лапорта Роналдунинг трансфери ортида қандай даромад олиш мумкинлигини директорлар кенгашига маълум қилган. Клубнинг қарзлари ва банклардан олган кредитларини инобатга олсак, ҳозир катта молиявий фойда олиб келадиган эркин агент ажойиб ечимга айланиши аниқ. Холанд ёки Мбаппенинг трансфери Роналдуники сингари шов-шувга сабаб бўлмайди. Бунақанги дуетни фубол олами ҳали учратмаган.
Лапорта нима қилиб бўлсада клубга ёрдам бермоқчи. Ҳозир принципларни ўйлайдиган пайт эмас. Боз устига, Жорже Мендеш мижози борасида исталган жамоа билан музокаралар олиб боришга тайёр. У Роналду "Ювентус"да қолиб кетишидан хавотирда.
Криш + Лео = Қудрат!
Кўпчилик икки мегаюлдузни бир жамоада жанжаллашиб қолишидан қўрқиши мумкин, аммо бунга ишониш мушкул. Ҳозир улар футболдаги сўнгги йиллардан завқ олаётган катта "одамлар". Ҳокимиятни бемалол иккига бўлиш мумкин. Боз устига, уларнинг тандеми "Барса" ўйинини кучсизлантирмайди. Криш камида Суареснинг ўрнини тўлдиришга қодир. Биргина Луис голлари билан "Aтлетико"ни чемпион қилганини кўрдик. Тактикага берилган Италия чемпионатидан кўра, очиқ испанча футбол Роналдуга кўпроқ мос тушади.
Флорентина Перес Холанд ва Мбаппенинг трансферини орзу қилаётган бир пайтда, Лапорта бугун натижа берадиган "юриш"ни амалга ошириши мумкин. Бутун дунё уларни бир жамоада тўп суришини томоша қилиш учун ўз пулларини аямайди. Ҳомийлар ёғилиб келади. Пуллар клубни қарз ботқоғидан бемалол олиб чиқиб кетиши аниқ.
Португалияликни "Юве" билан шартномаси бир йилдан сўнг якунига етади. Шу боис, "Барселона" Роналду учун Коутино, Дембеле ёки Гризманлардан бирини таклиф қилиши мумкин. Турин клуби беъэтиборлик қилса, 100 миллионлик футболчини текинга қўйиб юборишини сезиб турибди. Катта эҳтимол билан, рокировка амалга ошади.
Aллегри Роналду билан ўз орзусидаги жамоани қура олмайди. Якунда, яна ЕЧЛ плей-оффидаги омадсиз ўйин. Қарабсизки, Криш мавсум сўнггида AҚШга пул ишлаш учун равона бўлади. Воқеалар ривожининг бундай кўриниш олиши Кришга манзур келмайди. У "Барселона" билан 1+1 кўринишида шартнома имзолаш орқали тахтни топширмоқчи эмас.
Бу мухлислар учун фантастик фильмдек кўриниши мумкин, аммо нима тўсқинлик қилади? Роналду супер формада, футболдан зериккани йўқ, Мессининг паслари билан голларни қалаштириб ташлаши аниқ. Сўнгги мавсумларида ҳам омма эътиборида бўлиш учун бундан яхши имконият бўлмайди.
Бу дует ЕЧЛ ғолиблиги учун асосий даъвогар бўлмайди, бироқ саҳнадаги сўнгги чиқишини қарсаклар билан якуналашга қодир. Клуб улардан медиа оламдаги пуллардан наф олади. Катта совринларни ҳеч ким талаб қилмайди. Aслида, бу йигитларни бир жамоада тўп суриши мухлислар учун энг катта соврин.
Фикрлар