Роналдунинг мухлиси, легионерлик масъулиятини бўйнига олган Санжар Рихсибоев билан суҳбат

Мана шу талабларни инобатга олиб, Тожикистон олий лигаси вакили “Хўжанд” клубининг етакчи футболчиси Санжар Рихсибоев билан суҳбатлашдик.

-  Ассалому алайкум, Санжар суҳбатимиз аввалида Тожикистондаги карантин ҳолати, у ерда сиз – футболчиларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб ўтсангиз.

-  Тожикистонда ҳам аҳвол секин-аста яхшиланиб бормоқда. Футболчиларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган, дея оламан. “Хўжанд” клуби директори Мурод ака бизга керакли бўлган қулайликни яратиб берилишида шахсан бош-қош бўлди.

-  Умуман, Тожикистонга йўл олишингизга ким сабабчи бўлди?

-  Тожикистон олий лигасида фаолиятимни давом эттиришимга “Бунёдкор” клуби директори Улуғбек ака Мирзаев сабабчи. Бунинг учун уларга катта раҳмат.

-  Статистикангизга қарасак, Ўзбекистон чемпионатида жами 55 та ўйинда 5 та гол ургансиз. Тожикистонда эса 8 та ўйинда 3 та гол уришга муваффақ бўлдингиз...

-  Тожикистонда легионер деган номимиз бор. Шу номни оқлаш учун қўлдан кеганча ҳаракат қиляпмиз. Бизнинг минтақамизда легионер футболчиларни маҳаллий ўйинчилардан кучлироқ футбол намойиш этган тақдирдагина жалб қилишади. Хусусан, Тожикистонда ҳам шундай.

photo_2020-06-10_15-00-02

-  Бунда мураббийларнинг фарқи ҳам роль ўйнайдими?

-  Албатта. Мураббий сизга ишонч билдириб, майдонга туширар экан, ўзингизда қўшимча куч сезасиз. Тожикистондаги самарадорлигимда мураббийлар ишончининг роли катта, деб ҳисоблайман. Ундан ташқари, позиция жиҳатидан ҳам анча эркинлик берилмоқда. Худо хоҳласа, бу бошланиши. Ҳали бундан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишни истайман.

-  Ўзбекистон ва Тожикистон чемпионатлари даражасини солиштириш ўринлими ва қўшни лигага кўчиб ўтишни фаолиятингиздаги олдинга ташланган қадам, деб баҳолаш мумкинми?

-  Ўзбекистон Суперлигаси савия жиҳатидан Тожикистон олий лигасидан юқорироқда туради. Аммо ўйлайманки, бу ерга кўчиб ўтишим фаолиятимда олдинга ташланган қадам бўлади. Футболчи учун энг муҳими бу ўйин амалиёти. “Хўжанд” менга ўзимни кўрсатишим учун имкон беряпти

-  Футболга кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?

-  Дўстларимга қизиқиб мен ҳам футбол машғулотларига қатнай бошлаганман. 9 ёшимдан бери футбол ўйнайман.  Биринчи мураббийим Равил ака Имомов бўлган.

photo_2020-06-10_15-00-52

-  Кумирингиз ким?

-  Болалигимда Андрей Шевченконинг ўйинларини томоша қилишни ёқтирардим. Ҳозирда эса айнан менинг позициямда ҳаракат қиладиган жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналдуга мухлислик қиламан.

-  Шартномага кўра декабрда ижара муддатингиз тугайди, карантин сабаб бу вақт узайиши мумкинми?

-  Ҳа, ҳозирда хўжандликлар таркибида ижарада тўп сурмоқдаман. Келгусида нима бўлишини кўрамиз. Клублар ўзаро нима қилишни келишиб олишади. Тожикистонда чемпионат 16 июндан рестарт олади. Регламент бўйича ушбу чемпионат 3 давралик тизимда бўлиши керак эди. Аммо яқинда ОАВда олий лиганинг 2 давра бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Биз воқеалар ривожи қандай кетишига қараб йўл тутамиз.

-  Клуб билан ва индивидуал тарзда нималарни мақсад қилгансиз?

-  Жамоам билан чемпионатда 4-поғонада боряпмиз. Аммо бу атиги 4 турдан кейинги ҳолат. Биз чемпионликни мақсад қилганмиз. ОФК кубогида эса минимум – гуруҳдан чиқиш. Индивидуал мақсадларимга тўхталадиган бўлсам, ҳар иккала фронтда ҳам кўпроқ гол уриш ва самарали ўйин кўрсатишни хоҳлайман.

-  Келгусидаги режалар ва ўзбек мухлисларига тилакларингиз бўлса, марҳамат...

-  Асосий мақсадим, ушбу мавсум Тожикистонда тўпурар бўлиб, бошқа кучлироқ чемпионатга ўтиш. Ўзбекистондаги ҳамюртларимизга тилакларим тезроқ пандемия тугаб, яна футбол ҳавоси қайтсин. Суперлига баҳсларида стадионларимизнинг тўлиб турганини кўриш ҳамма қатори мени ҳам хурсанд қилади. Жаҳон чемпионати саралашида терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этиб, мухлисларимизга узоқ кутилган мундиал йўлланмасини ҳадя қилишларига тилакдошман. Юртимизни тинчлик ва хотиржамлик тарк этмасин.

 

Санжар, вақт ажратиб, суҳбатимизда иштирок этганингиз учун раҳмат. Келгуси фаолиятингизда зафарлар тилаб қоламиз.

-  Сизларга ҳам эътибор учун ташаккур. Ишларингизга ривож тилайман.

 

Абдулвосид Валихонов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!