Рўзиқул Бердиев: "Бу йил рекордларни уришда давом этяпмиз"

ОЧЛ 2 нинг 5-турида "Насаф" "Қувайт СК"ни ўз майдонида қабул қилди ва мағлуб бўлди. Учрашувдан сўнг "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.

"Ассалому алайкум барчага! Биз бу йил рекордларни уришни давом этяпмиз. Қайсидир босқичда 12 марта мағлуб бўлмагандик, ҳозир эса 4-марта қаторасига ютқаздик. Бу ҳали тарихда бўлмаган нарса. Асосий мақсадимизга етганимиздан сўнг жамоада бўшашиш бўлишини билардим. Лекин бунчалик ташаворишни ўйламагандим. Бу учун асосий айбдор мураббийлар ҳисобланади. Қанчалик йигитларни руҳий томондан таёрламайлик, натижа барибир шунақа бўляпти. 

Ўйинга қайтадиган бўлсак, бизда ҳаммаси жойида  эди. Ўз хатоларимиз билан рақибга ташаббусни бериб қўйдик. Бу ҳолат "Ал-Ҳусайн" билан ўйинда ҳам бўлган эди. Бу тактик эмас, кўпроқ руҳий жиҳатдан деб ўйлайман. Рақибимиз  яхши ҳимояланди, биз вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. 

Нима сабаб Марко Станоевич асосий таркибда майдонга тушмади?

Бизда 20 та ўйинчи бор. Энг яхшилари майдонга чиқишга чиқишяпти. Битта футболчига тўхталмоқчи эмасман. Ҳар ўйинда энг оптимал таркибда майдонга чиқишга ҳаракат қиляпмиз. 

Абдувоҳид Неъматовнинг қизил карточкаси ҳақида нима дея оласиз?

Биз рақибимизни қарши ҳужумга ўтишига қўйиб бердик. Мурод билан Марко тўпни уларга бериб қўйди ва 4 футболчи олдинги ўтиб кетди. Абдувоҳид ўша вазиятни бартараф этиш учун риск қилди. ВАР бўлганда балки кўриб чиқарди, аммо ВАР бўлмагандан кейин қарор ўзгармайди. 

Гуруҳдаги ҳолат нима бўлади деб ўйлайсиз?

Менимча, гуруҳдаги ҳолатимиз жуда ёмон. Нариги ўйинда нима бўлганини билмайман, аммо бугун биз ғалаба қозонганимизда яхши бўларди. Бу турнирда ҳам бизнинг омадимиз келмади деб бемалол айта оламан. 

"Насаф" кейинги мавсумда ҳужум чизиғида ўзгаришлар қиладими?

Бу масалани ўтган йили ҳам ўртага ташлаганмиз. Ҳужумчи сифатида таклиф қилганларимиз биз кутгандек бўлмади. Кейинги йил режаларимиз қандай бўлади буни клуби имкониятларидан келиб чиқиб ҳал қилади. 

"Насаф" таркибидаги терма жамоада ўйнаётган футболчилар клубда яхши ўйнамаяпти. Бунга фикрингиз қандай?

Терма жамоада асосий Шерзод Насруллаев ўйнаяпти, Акмал ва Бобир битта баҳсда қатнашди. Шерзодга баъзида дам беришга қарор қиляпмиз. Чунки тўлиқ ўйнагандан кейин катта юкларни олади. Биласизлар, Шерзод ва Ойбек тандемда зўр ҳаракат қилади. Ойбекнинг йўқлиги балки унга ҳам таъсир қилгандир. Бозоровда кичик жароҳат бор ва ҳозир тайёр эмас", - деди Бердиев.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!