Рўзиқул Бердиев: Ҳакам мени майдондан четлатиб тўғри қилди
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 21-туридан ўрин олган "Металлург" - "Насаф" учрашуви меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "аждарлар" устози Рўзиқул Бердиев ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Кучли рақиб майдонида ғалаба қозониш, албатта, ёқимли. Биз майдонда том маънода кураш олиб бордик. "Металлург" жуда яхши шаклланган жамоа ва узун паслар орқали қарши ҳужумларда ҳаракат қилади. Биз шунга тайёргарлик кўргандик. Ҳимояда яхши ҳаракат қилдик ва рақибга голли вазиятлар яратиш имконини бермадик. Ўз имкониятимизни кутиб, ундан фойдаланишга эришдик. "Металлург" қолган жамоалардан фарқли равишда жисмонан жуда яхши тайёрланганини билардик. Биз ҳам шунга яраша жиддий шуғулландик.
Абдихолиқовнинг майдонга асосий таркибда тушмагани толиқиш билан боғлиқ ҳолат. У доимий тарзда асосий таркибда ҳаракат қилиб келди.
Раҳматуллаевнинг асосий таркибдан жой олаётганини рақобатни бой беришга боғламаган бўлардим. Мозговой билан алмашиб ўйнамоқда. Бугунги баҳсда ҳам Акмалга имконият беришга қарор қилгандим. Дилшоднинг биз билан эканлигидан хурсандмиз. Мозговойнинг жароҳати ҳақида тўлиқ маълумотни кейинроқ билиб олишимиз мумкин бўлади.
Ҳакам менга нисбатан тўғри қарор қабул қилди. Мураббийлик этикасига номуносиб ҳаракатларни амалга оширдим. Кўриладиган чораларга эътирозим йўқ. Бўлиб ўтган воқеа учун узр сўрашга тайёрман", - деди Бердиев.
Фикрлар